Қорақалпоғистон санъат саройида “Меҳр қуёшидан бахт топган инсонман” ҳамда “Ҳар бир бола Янги Ўзбекистон эътиборида” номли хайрия концерти ташкил этилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари Р.Нуразизов, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи С.Данияров мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлома қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишларга тўхталди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 1 июндаги “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, шунингдек, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, шаҳар ҳамда туманларда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ташкил этилди.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг асосий фаолият йўналишларидан бири ногиронликни баҳолаш ва аниқлашнинг тиббий моделидан ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтиш, ногиронлиги бўлган шахсларни юқори сифатли протез-ортопедия маҳсулотлари ва реабилитациянинг техник воситалари билан таъминлаш, соҳага замонавий технологияларни жорий қилишдан иборат. Шунингдек, жамиятда ижтимоий мослашув ва интеграция учун шароит яратиш, бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан жамият онгида соғлом фикрни шакллантириш, уларнинг мустақил ҳаёт кечиришини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишдир.

Байрамона концерт дастурида таниқли санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар кўнгилларни хушнуд этди. Тадбир давомида ногиронлиги бўлган болаларга ҳомийлар томонидан совғалар улашилди.

Тадбирдан кўзланган мақсад ногиронлиги бўлган шахсларнинг кўнглини кўтариш ҳамда уларнинг жамиятнинг ажралмас ва эътиборга лойиқ қисми эканлигини кўрсатиб беришдан иборат. Зеро, бугун ҳар бир бола Янги Ўзбекистон эътиборидадир.

Видео: YouTube

Довуд Абибуллаев,
Мақсад Ҳабибуллаев(сурат), ЎзА

Манба: UzA.uz