Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида “Инсон” ижтимоий хизматлар марказининг очилиш маросими бўлди. Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 28 сентябрдаги “Аҳолига ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижтимоий ҳимояни маҳалла даражасида ташкил этиш, ижтимоий хизмат ва ёрдамларни комплекс ёндашув асосида кўрсатиш, аҳолининг оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш, шунингдек, ижтимоий ҳимоянинг манзиллилиги ва самарадорлигини ошириш ҳамда аҳолининг кўмакка муҳтож қатлами ижтимоийлашувини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ушбу қарор асосида тажриба тариқасида мамлакатимизнинг 28 та шаҳар ва туманида, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний ҳамда Хўжайли туманларида “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларини ташкил этиш белгиланди. 2024 йил 1 январгача “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ва ушбу ҳудуддаги ижтимоий ходимларга 26 та хизмат кўрсатиш вазифаси юклатилади. 2024 йил 1 январдан бошлаб эса 23 та ижтимоий хизмат йўлга қўйилади.

Мазкур қарор билан ижтимоий ходим фаолиятини йўлга қўйиш, ижтимоий хизматлар соҳасини такомиллаштириш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами билан ишлаш йўналишлари белгиланди. Бундан ташқари, марказларда руҳий-ижтимоий ёрдам мобиль хизмати ташкил этилмоқда. Ушбу мобиль гуруҳлар юрист, психолог ва ижтимоий ходимлардан иборат таркибда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган фуқароларга шошилинч руҳий-ижтимоий, ҳуқуқий хизматларни сайёр (кўчма) тартибда кўрсатади.

Ушбу белгиланган ижтимоий хизматлар ва ёрдамларнинг тезкор ва манзилли кўрсатилишини таъминлаш учун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ижтимоий хизмат ва ёрдамларнинг паспорт лойиҳалари ишлаб чиқилди. Шу билан бирга, “Маҳалланинг ижтимоий паспорти” ишлаб чиқилди ва ҳудудий бошқармаларга юборилди.

Бундан ташқари, “Ижтимоий ходим тўғрисида”ги вақтинчалик низом тасдиқланди. Мазкур низом билан ижтимоий ходимнинг асосий вазифа ва функциялари, ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари, фаолиятидаги чекловлар ва бошқа масалалар белгиланмоқда. Алоҳида таъкидлаш лозимки, амалга оширилаётган ишларнинг барчаси “Ижтимоий давлат” тамойилини амалда ва ҳаётда рўёбга чиқариш учун бажарилмоқда.

Тадбир иштирокчилари янги марказда аҳоли учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари

Манба: UZA.uz