Жорий йилнинг 3 июнь куни ҳаётимда ўзгача бурилиш ясади. Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти ва Бухоро давлат университети ҳамкорлигида ташкил этилган, инсоният ҳамжамияти ва тақдирдошларимиз фаолиятида алоҳида аҳамиятга эга бўлган муҳим анжуманда иштирок этиб, маъруза қилдим.

Университет таянч докторантлари ташкил қилган ушбу анжуманнинг руҳи ўзгача эди. “3-Ренессанс даврида инклюзив жамиятга эришиш йўллари” – мавзу шундай янграйди, лекин ичига кириб борсангиз, бу шунчаки илмий йиғилиш эмас, кўришда нуқсони бўлса ҳам, қалб кўзи ва теран тафаккури билан олам ва одамни идрок этаётганлар мажлиси эди.

Саодат Ғуломова кўришда нуқсони бўла туриб, йигирма йилдан ортиқ болаларга таълим-тарбия берган муаллимдир. У кўриш бўйича имконияти чекланган, аммо таълим соҳасида ютуқларга эришаётган юзлаб ёш хотин-қизлар ҳақида халқаро тажрибаси билан ўртоқлашди. Уларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши бўйича ўз тавсия ва таклифларини билдирди.

Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Қашқадарё вилояти бўлими раиси Ҳақназар Пўлатов, юртимизда фаолият олиб бораётган «Нурли маскан»ларда таҳсил олаётган ўқувчилар ҳам тўлақонли инклюзив муҳитга муҳтож эканлигини маърузасида алоҳида таъкидлаб ўтди.

Энг катта муаммо нима эди? Кўпинча бу тарбияланувчилар алоҳида ажратилган ҳолда ўсади. Барча спикерлар қаторида мен ҳам бир ўзбек аёли ва педагог сифатида ўз кузатишларим, тажрибаларим, ютуқларим ҳамда инклюзив жамиятда ўз ўрнимни топишимга сабабчи бўлган холис инсонлар ва муносиб устозлар ҳақида фикрларимни ўртоқлашдим. “Кўришда нуқсони бўлган хотин-қизларнинг гендер тенглиги” деб номланган маърузам билан иштирок этдим. Маърузамнинг асосий мазмун-моҳияти кўришда нуқсони бўлган 3-7 ёшдаги қизларга "сен уддалай оласан" деб айтиш, уларни йиқилганда ўрнидан турғазиш, қўли ёки оёғи яраланганида жароҳатини даволаш, қалби ўксиганда кўнглини кўтариш, руҳияти чўкиб қолганида қўл бериш, йўл кўрсатиш, кўлмакдан уммонга олиб чиқишдан иборат эди.

Чунки менга худди шундай муносабатда бўлишган. Болалигимда ота-онам менга тоғ каби суянчиқ бўлди, акам ва синглим кўз бўлишди, кўнгли ва бағри кенг устозлар қалбимни, руҳимни, онгимни тафаккур нури билан тўлдирган эди. Кўришда нуқсони бўлган она сифатида соғлом фарзанд тарбиясидаги масъулият, соғлом оилавий муҳитда тарбия топган инклюзив жамият вакили сифатидаги кузатишларим, тажрибаларим ва натижаларим билан бўлишдим. Ёшларга тажрибам натижалари асосида ёндашиб, керакли тавсиялар бердим. Мана шу эзгулик ўз самарасини берди. Ҳеч бир имконият шунчаки бўлмайди: жисмда бўлган нуқсон фожиа эмас, кўнгил кўзининг берклиги зулматдир. Кўзи ожизлик зулмат эмас, ҳикматдир. Қалби зулматда қолганлар зулмга маҳкумдир. Тафаккури қотиб қолганлар дунёни идрок эта олмайдилар.

Анжуманда бу илм даргоҳида ўтирганлар – мендан олдин ва мендан кейин нутқ сўзлаганлар – кўриш бўйича имконияти чекланган бўлишига қарамай ҳаракат қилган, халқаро грантлар ғолиби бўлган, семинар, конференция ва танловлар иштирокчиси ва лауреати бўлган шахслардир.

Тадқиқотлар олиб бораётган, ўз юртимиз ва жаҳон миқёсида катта ютуқларга эришиб, Кўзи ожизлар жамияти ва умумжамиятда муносиб ўринга эга бўлган инсонлар эди. Мен ва уларнинг барчаси давлатимизда олиб борилаётган илғор ислоҳотлар, бу ислоҳотларда кўришда нуқсони бўлган барча Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти аъзолари фаоллик кўрсатиб ўз ўрнига эга бўлаётгани, ўрни ва вақти билан муносиб тақдирланганимиз ҳақида фахрланиб гапирдик.

Зарина Олимова,Ўзбекистон лидер аёллар платформаси аъзоси, Осиё кўзи ожизлар ассамблеяси делегатцияси аъзоси.