Жўқорғи Кенгес ҳузуридаги Ижтимоий шериклик бўйича комиссия йиғилишида давлат субсидиялари асосида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг 9 ойлик натижалари муҳокама қилинди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳузуридаги Ижтимоий шериклик бўйича комиссиянинг навбатдаги йиғилишида Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан давлат субсидиялари ажратилган нодавлат нотижорат ташкилотларининг жорий йилнинг 9 ойи давомида амалга оширган ишлари ва эришган натижалари атрофлича кўриб чиқилди.

Йиғилишда, хусусан, Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти, Ўзбекистон карлар жамияти ҳамда Ўзбекистон Ногиронлар ассоциациясининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлимлари томонидан давлат субсидиялари доирасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан тақдим этилган ҳисоботлар тингланди.

Ўзбекистон Ногиронлар ассоциациясининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳам ижтимоий шерикликнинг муҳим йўналишларидан бири сифатида баҳоланди ва Ассоциация фаолиятида ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоатчилик ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш, уларнинг муаммоларини ўрганиш, ҳуқуқий ва ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳим аҳамиятга эга.

Шу билан бирга, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, жамиятда инклюзив муҳитни шакллантиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.

Саламат Авезов,
Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими мутахассиси.