– Бундан 3 йил олдин кўшнимизнинг ўғлига турмушга чиққандим. Ҳозир қизлик уйимда яшаяпман, эрим билан қонунан ажрашмаганмиз. II гуруҳ ногирони бўлган фарзандим учун ногиронлик нафақаси ва алимент оламан. Маҳаллага 14 ёшгача бола пули учун мурожаат қилганимда, ажрашганлик тўғрисида суд қарорини келтиришни сўрашди. Лекин суд ажрашиш даъвосини рад этган, иккинчи марта ариза берганимдан кейин суд мажлиси чақирилмади. Сиздан сўрамоқчи бўлганим, суд қарори бўлмаса, 14 ёшгача бола пули тайинланмайдими? Ажрашишга берганда, суд мажлиси қачон бўлади?

– Ариза судга келиб тушганидан кейин судья 10 кун ичида аризани иш юритишга қабул қилиш, қабул қилишни рад этиш ёки қайтариш ҳақидаги масалани якка тартибда, ажрим чиқариш билан ҳал қилади ва аризачига ушбу ажрим нусхасини, унга илова этилган ҳужжатлар билан ажрим чиқарилгандан кейинги кундан кечиктирмасдан юборади. Ариза қабул қилинган ва фуқаролик иши қўзғатилган кундан эътиборан ўн кунлик муддатдан кечиктирмай суд муҳокамасига тайёрлаш ишлари амалга оширилади.

Бунга кўра, судга ариза топширган кунингиздан ўн кун ўтганидан кейин ҳам аризангизни иш юритишга қабул қилингани ёки рад этилганлиги, ёки қайтарилганлиги ҳақида ажрим нусхасини олмаган бўлсангиз (айрим ҳолларда почта орқали ҳам кечикиши мумкин), судга бориб, аризангизни иш юритувга қабул қилинган-қилинмаганлиги, муҳокамага тайинланган-тайинланмаганлигини билишингиз мумкин. Ёки кўрсатилган муддат ичида сабр билан суд хабарномасини кутинг.

Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад микдори жами даромад аниқла-наётган давр учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам микдорининг 52,7 фоизидан ортиқ бўлмаганда тайинланади. Сизнинг ҳолатингизда нафақа тайинлаш учун МФЙ томонидан никохдан ажрашганлигингиз ҳақидаги маълумотни сўралишига сабаб, оила аъзоларининг сони ва даромадини микдорини аниқлаш заруриятидир.

Манба: «SUG’DIYONA» №9 (1164) 4.03.2021

“Disability Rights” – Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқи Махсус тўплами телеграм каналига аъзо бўлинг

© P.S.: Ғоя муаллифи: Саламат Авезов.
Болалигидан II-гуруҳ ногирони «ДЦП – (Детский Церебральный Паралич) – БЦФ – Болалар Церебрал Фалажи)» ташхиси.