– Мен болалигимдан II гуруҳ ногирониман. Ўзимни ўзим банд қилиш мақсадида тикувчилик машинасини олишим учун менга кредит бериладими?

– Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 мартдаги 145-сон қарори билан тасдиқланган «Аёллар дафтари»ни юритиш орқали хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисида» ги Низомга кўра, «Аёллар дафтари»га киритилган тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш фаолиятини бошламоқчи бўлган хотин-қизларга асбоб-ускуна, меҳнат қуроллари (тикувчилик, тўқимачилик, пазандачилик, соч турмаклаш, дурадгорлик, чилангарлик, қурилиш, қишлоқ хўжалиги (мотокультиватор, ўт ўриш ўроқ машинаси, пайвандлаш аппарати, ўсимликларга ишлов бериш қурилмаси) ва бошқа соҳаларда ишлатиладиган меҳнат қуроллари ва аппаратларини харид қилиш учун 7 миллион сўмгача Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси ҳисобидан қонунчиликда белгиланган тартибда ёки 10 миллион сўмгача «Аёллар дафтари» жамғармаси маблағлари ҳисобидан «Аёллар дафтари» жамғармаси Васийлик кенгаши (кейинги ўринларда – Васийлик кенгаши) қарорига мувофиқ субсидия ажратилади.

«Аёллар дафтари» жамғармаси орқали асбоб-ускуна, меҳнат қуроллари харид қилиш мақсадида субсидия ажратиладиган ҳолларда, ариза берувчи Васийлик кенгаши раиси номига (аризада фуқаро ўз фаолиятини бошлаши учун керак бўладиган асбоб-ускуна, меҳнат қуролларининг номи ва тури, сони, тахминий харид нархи ва бошқа қўшимча маълумотлар кўрсатилиши лозим) тақдим этади. 

Ариза берувчининг қолган барча маълумотлари (электрон шаклдаги фуқаролик паспорти ёки идентификацияловчи ID-картаси нусхаси, тадбиркор сифатида давлат хизматлари марказида давлат рўйхатидан ўтганлиги ёки ўзини ўзи банд қилган сифатида фаолият турлари бўйича солиқ хизмати органларида рўйхатдан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжат) ахборот тизими орқали инсон омилисиз аниқлаб олинади.

Ариза берувчига ажратилган субсидия асосида харид қилинган асбоб-ускуна ёки меҳнат қуролларидан самарали фойдаланилаётганлиги, уларнинг техник ҳолати созлиги кафолат муддати давомида сектор штаби котиби томонидан ўрганилади.

Саволга Амангул АЛЛДАМУРАТОВА,
“Мадад” ННТнинг Қорақалпоғистон Республикаси
Нукус шаҳар ҳуқуқий маслаҳат бюроси
бош мутахассиси жавоб берди.

“Disability Rights” – Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқи Махсус тўплами телеграм каналига аъзо бўлинг

© P.S.: Ғоя муаллифи: Саламат Авезов.
Болалигидан II-гуруҳ ногирони «ДЦП – (Детский Церебралный Паралич) – БЦФ – Болалар Церебрал Фалажи)» ташхиси.