Ўзбекистон Республикаси ногиронлар ассоциацияси Бухоро вилоят ҳудудий бу́лими томонидан имкониятига чекланган шахслар учун Кўҳна ва боқий Бухоро бўйлаб уч кунлик саёҳат ташкил этилди. Унда Республиканинг барча вилоятларидан 150 дан ортиқ имкониятига чекланган шахслар иштирок этишди.

Маълумки Давлатимиз томонидан аҳолининг барча қатламларига, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жисмоний имконияти чекланганларнинг ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоялаш, жамиятда ўзининг муносиб ўрнига эга бўлиши учун зарур ижтимоий, сиёсий-иқтисодий шарт-шароитларни яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Ташкил этилган мазкур саёҳат орқали имкониятига чекланган шахслар Бухоронинг қадимий тарихини ўрганиш, ўзига хос архитектура ёдгорликлари ва обидалари билан танишиш қаторида, вилоятда жойлашган нақшбандия тариқатининг 7 пир зиёратгоҳларига ҳам ташриф буюриш имкониятига эга бўлишди.

– Мана бугун Ўзбекистон Республикаси ногиронлар ассоциацияси Бухоро вилояти ҳудудий бўлими томонидан уч кунлик саёҳат Республикамиз барча вилоятларидан имконияти чекланганларни 120 га нафарни Бухородаги “7 Пир” зиёратгоҳларига ва тарихий жойларга тадбиримизни ташкил қилдик. Бу тадбирдан асосий мақсад ўтказишимиздан ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида ташкил қилдик. Бу тадбирни ўтказишимизга яқиндан ёрдам берган Бухоро вилояти ҳокимлигига, Ғиждувон тумани ҳокимлигига, Маданият ва туризм бош бошқармасига, Порлоқ келажак дам олиш масканига ва ҳомийларимизга ўз миннатдорчилигимни билдираман – дейди Дилшод Камолов Ўзбекистон Республикаси ногиронлар ассоциацияси Бухоро вилоят бўлими раҳбари.

Маълумот учун айтадиган бўлсак, уч кунлик саёҳат давомида меҳмонлар Бухоронинг “7 Пир” зиёратгоҳлари, “Ситораи Мохи-хосса саройи”, шаҳарнинг “Пойи Калон”, савдо тоқлари, “Абдулазизхон мадрасаси”, “Магоки Аттор” масжиди, “Тими Абдуллахон” ва “Лаби Ҳовуз” мажмуалари бўйлаб ҳам зиёрат, ҳам саёҳат қилишди. Бу эса уларга бир олам қувонч улашди десак, асло муболаға бўлмайди.

Саёҳат якунида “Хожа Али Ромитаний” мақбарасида хайрия дастурхони ҳам ташкил қилинди. Қуръон тиловати қилиниб, “Хожа Али Ромитаний” ҳамда “Нақшбандия” тариқати ҳақида умумий маълумотлар берилди.

Зилола Худойқулова,
HUDUD YANGILIKLARI.

Манба: Istiqlol TV

Видео YouTube: