Кейинги йилларда бизнинг фаолиятимизда ҳудудимизда яшаётган жисмоний имконияти чекланган инсонларни турли касбларга ўқитиш ва улар учун иш ўринлари яратиш ишлари асосий ўринни эгалламоқда. Бунинг учун жалб этилган давлат грантлари асосий омил бўлиб қолмоқда.

Биз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат-нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг “Иродали ва чевар қизлар” лойиҳаси бўйича грантини ютиб олган эдик. Шундан кейин Қўнғирот туманида замонавий миллий кийимлар, пардалар тикиш бўйича курслар ташкил қилинди. Уларга шу туманда яшайдиган ногиронлиги бўлган аёллардан 66 нафари қатнаша бошладилар. Шу билан туманда чеварчилик ҳаракати кенг ёйилди. Курсларимизни тугаллаган қизлардан 13 нафари субсидиялар ёрдамида тикув машиналари олдилар. Чеварчиликни ўрганган қизларимизнинг 9 нафари шу йўналиш бўйича тадбиркорликни бошлаб юборишди. Натижада, “Қўнғиротлик чевар қизлар” номли унитар корхона ташкил топди.

Бизнинг ассоциациямиз аъзоларига замонавий ва зарур касб-ҳунарларни ўргатиш борасида Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан ҳамкорлик қилмоқдамиз. Жорий йил бошидан буён вазирликнинг “Инклюзив тадбиркорликка тайёрлаш” лойиҳаси бўйича Нукус шаҳри, Қўнғирот ва Хўжайли туманларида ногиронлиги бўлган инсонлардан 63 нафарини тадбиркорлик йўналиши ва ҳуқуқий саводхонлик бўйича ўқитдик. Натижа шу бўлдики, ногиронлиги бўлган ҳамюртларимиздан 22 нафари ўзлари тайёрлаган бизнес лойиҳалари асосида кичик тадбиркорлик фаолиятини бошлаб юбордилар.

Шу йилнинг бошидан буён ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қуватлаш бўйича битта чет эл, иккита маҳаллий грантлар асосидаги лойиҳаларни амалга ошириб келмоқдамиз. Бу давр мобайнида жисмоний имконияти чекланган 131 нафар фуқаролар тикувчилик ва бошқа касбларга ўргатилди.

Бизнинг фаолиятимизда – ҳудудда истиқомат қиладиган ногиронлиги бўлган инсонлар билан учрашиб, уларнинг ҳолидан хабар олиш ва ҳуқуқий маслаҳатлар бериш сингари тадбирлар кенг ўрин олмоқда. Кейинги пайтда ногиронлиги бўлган хотин-қизлар ҳамда эшитиш ва гапиришда муаммолари бўлган шахслар ўртасида икки марта давра суҳбатлари ўтказдик. Бундай тадбирларда ассоциациямиз аъзоларининг кўплаб муаммоларини ҳал этишга кўмаклашдик. Шунингдек, Марказий Осиёдаги Евроосиё фонди иштирокида “Ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг ички дунёси” лойиҳаси бўйича, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида яшовчи ногиронлиги бўлган хотин-қизлар орасида гендер тенглик, дискреминация, зўравонлик масалалари юзасидан ижтимоий саволнома ўтказилди. Шу даврда ижтимоий масалалар бўйича ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида 4 та семинар бўлиб ўтди.

Ассоциациямиз аъзоларининг кўпчилиги тасвирий санъат ва ҳунармандчилик билан шуғулланадилар. Шу боис, Нукусдаги И. В. Савицкий номидаги Қорақалпоқ Давлат тасвирий санъат музейи билан ҳамкорлик қилиб келамиз. Кўпинча музей экспонатларини томоша қилишни ташкил этамиз. Яқинда “Музей олдида кўргазма” номли тадбири ташкил қилинди. Унда ногиронлиги бўлган шахслар учун рассомлик маҳорат дарси ўтказилди. Шу ерда “Биз биргамиз!” шиори остида ногиронлиги бўлган инсонлар томонидан тайёрланган миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ташкил қилинди.

Ҳудудимизда истиқомат қиладиган ногиронлиги бўлган шахсларга хизмат кўрсатувчи объектлар ҳам доимо бизнинг диққат-эътиборимизда бўлиб келмоқда. Бундай жойларда жисмоний имконияти чекланган инсонларга яратилган шароитлар бўйича жамоатчилик назоратлари ўтказиб келмоқдамиз. Масалан, Нукус шаҳридаги 27-мактабда таҳсил олаётган алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болалар учун очилган “Коррекцион синфларни” ўрганиш мақсадида жамоатчилик назорати ўтказилди. Ўрганилган пайтда юзага чиққан камчиликлар асосида баённомалар тузилиб, Вазирлар Кенгаши ва Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига топширилди.

Бундан ташқари, Нукус шаҳридаги 1-поликлиника, “Ўзсаноатқурилишбанк” филиали, Давлат хизматлар маркази, Кўзи ожизлар махсус кутубхонаси биноларида, Қўнғирот туманидаги 12-поликлиника, Халқ банки, бюджетдан ташқари Пенсия жамҚармаси бўлими, 36-сонли инклюзив мактаб, “Ишга марҳамат“ мономаркази биноларида, Хўжайли туманидаги Давлат хизматлари маркази, оилавий поликлиника иншоотларининг кириш жойларида пандуслар қилинганлиги, хоналарга зарур тутқичлар ўрнатилганми йўқми текшириб чиқилди. Аниқланган камчиликлар бўйича баённомалар тузилди ва уларнинг бир нусхаси объект вакилига топширилди.

Хулоса қилиб айтганда, ЎзНАнинг Қорақалпоғистон ҳудудий бўлими жамоаси жисмоний имкониятлари чекланган инсонларнинг жамиятимиздаги тенг ҳуқуқли инсонлари сингари бемалол яшашлари учун барча чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Жаббор НАРБАЕВ,
ЎзНА Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими раиси.

Манба: “IMKONIYAT” Ijtimoiy-siyosiy, huquqiy va
madaniy gazeta 2023 yil 1 dekabr