Ассалому алайкум, Онажоним, бу ҳаётда сизнинг борлигингиз мен учун катта бахт! Мен сиздай меҳри уммон онани етказган Аллоҳимга беадад шукурлар қиламан. Менинг меҳрибон ота-онам бор. Шуларнинг меҳнати, меҳри, мен учун тинмай шифокорга-шифокор чопишлари, менга умид беришлари орқасида мен ўзимни танидим, ўзимга муносиб ўрин топдим.

Баъзан ўз боласини сотаётган, кўчага ташлаб кетаётган ёки ўз фарзандини ўлдираётган оналарни ўқиб қолсам, бутун аъзо баданим титрайди.

Отам-онам мендан нолишмади, шу туришимга ҳам шукур қилишди. Отам мени Москвага шифокорларга олиб бориб, оёғим юра оладиган даражага етдим. Менга болалар церебрал фалажи ташхиси қўйилган эди. Устига-устак оёқларимда ҳам, қўлларимда ҳам, тилимда ҳам нуқсонли эдим.

Отам мени мактабга опичиб олиб борарди. Ўқиш мен учун катта қувонч – янги оламнинг очилиши эди, шунинг билан бирга азобли ҳам эди. Билим олганимга қувонсам, тенгқурларим билан чопишиб ўйнай олмаганимга ўксинар эдим, болаларнинг мазах қилиши аламли эди. Онамнинг меҳри, болалигимда кўп эртаклар айтиб бериши, менинг онгимни тарбиялаши натижасида мен дарс машғулотларини ўзлаштирдим. Ўқитувчим ҳам олийжаноб инсон эди, менга ёзма жавоб беришга имкон берди.

Мен ота-онамга бошларидан зар қўйсам ҳам кам, уларнинг изтироб ва азобли меҳнатларини ўтай олмайман. Менинг тутинган онажоним, ота-онам дастхат ёзиб берган китобингиз менга катта қувонч бахш этди. Китобингизни ўқиб мен бошқа оламга кириб қолгандай сездим ўзимни. Биз хат ёзишдик, сизнинг маслаҳатларингиз менга куч берди, яшашга завқ берди.

Сизни шундай кўришни истадим. Сизни охири уйимга таклиф қилдим. Чунки мен сизни излаб боролмасдим. Аммам билан мени излаб келган кунингиз менинг ҳаётимдаги энг қувончли куним эди. Чунки мен оддийгина ногирон боламан, сиз эса 100 км йул босиб излаб келдингиз. Сиз мен ўйлагандан ҳам камтарин, самимий, фариштали ва юзингиздан нур ёғилиб турган аёл экансиз.

Шундай қувондим, ожиз қўлларим билан сизни қайта-қайта бағримга босдим. Менинг нуқсонли тилим билан гапирган гапларимни ихлос билан тингладингиз. Мен дилимдагиларни тугиб солгим келарди, тилим тўлиқ етказолмай, хижолатдан терлаб кетдим.

Барибир сизнинг меҳрли кўзларингиз мени тушуниб, охиригача эринмай тингладингиз. Мен таржимаи холимни кенгроқ айтиб бердим. Ота-онам ва ўқитувчиларим, интилишим орқасида кўп китоб мутолаа қилдим, ўқидим ва Тошкент ахборот технологиялар университети Нукус филиали олийгоҳни ёзма равишда тугатдим.

Мени яна китоб ҳам тарбиялади. Қодирий, Чўлпон, асосан Островскийнинг "Пўлат қандай тобланди" асари яшашга даъват этди. Ч.Айтматовнинг "Асрга татигулик кун" Навоий "Хамса"си, Бобур бобомизнинг "Бобурнома"асарлари менга хаётнинг барча унқир-чўнқирларини, яшашга курашни ўргатди.

Мен ўз ишим, мавқеим бўйича бахтлиман онажон. Ўзбекистон Ногиронлар Ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлимининг маъсул ходими, Mehrtilsimi.blogspot.com – Ижтимоий-ҳуқуқий сайти ва “Disability Rights” – Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқи Махсус тўплами телеграм канали бош муҳаррири. Дўстларим кўп, фақат мен идораларга боролмайман, уйда масофадан туриб ишлайман.

Менинг бағри кенг онажоним, айтмоқчиларим жуда кўп,фақат сиз тушунасиз мени, сизни яхши кўраман ва дардларимни бўлишким келади. Ҳаёт билан тиллашиб, қалбим билан дардлашиб ҳар бир нурафшон тонгни қарши оламан.

Мен ҳам инсонман, менда ҳам қалб бор, севиб-севилиб яшагим келади. Лекин менинг тоза қалбимни ким ҳам тушунсин, мендай ногиронни ким ҳам севсин..?

Қалбимда етиша олмаган орзуларим кўп. Ҳудди ота-онам олдида айбдордайман. Мен ҳам уйланиб турмуш ўртоғим ота-онамга хизмат қилса, бағрини невараларга тўлдирса...

Орзуга айб йўқ, айбини яширган ўсмайди. Мен уйланиш ҳақида шифокорлардан маслаҳат сўрадим, улар юз фоиз ишонч бор дейишди. Афсус,афсус, орзуйим сароб. Кимни мажбурлаб севдира оламан. Дунёнинг бир чеккасида мендай жуфтини излаётган, кўзлари нигорон бордир...

Тақдир бизни учраштирмаса на илож?

Онажоним, мени кечиринг, бошингизни оғритсам, сизга орзу армонларимни айтгим, суянгим келади. Яқинда мен отам билан ҳудудимиздаги Оилавий поликлиникага чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтдим. Одамларнинг шу даражада ўзгарганлигига, бемеҳр, лоқайдлигига ҳайрон қолдим.

Ҳей одамлар, бунча одамийлик сиёҳингизни ўзгартириб қайга шошасиз? Борар манзилимиз, жойимиз бир ку – бир қадам тупроқ!

Нега бир-биримизни суянмаймиз, меҳр кўрсатмаймиз, бундай кунларни бобокалонларимиз кўрмаган, нега шукур қилмаймиз, ўткинчи дунё ҳаммадан ҳам қолади, деб ичимда ўксиндим.

Агар дадам бўлмаганда мен оёқ тагида қолиб кетардим, мени ҳеч ким менсимади, инсон экан деб ўйламайди. Дадам ҳа болам-а, оқ кўнгилсанда, шу ҳолингда ҳам одамларга навбатингни бергинг келади, – деди ўксиниб.

Йўқ! Йўқ! Мен тушкунликка тушмайман. Менинг севимли ишим, суянчим Аллоҳим бор! Қаламим, дўстларим бор! Баъзан Ч.Айтматовнинг манқуртини ўйлаб кетаман. Уни ёвузлар шу кўйга солган, ўзимизникиларни ким манқурт қилган-а? Наҳотки оёқ-қул соғ, шароити зўр одамлар манқуртга айланиб боряпти?

Мен чекинмайман, ҳаётни севаман онажон. Дардимни кўрсам енгиллашаман, яшаш учун курашаман бой бўл, камбағал бўл, ўлим ҳақ. Бу дунёда фақат яхши ишинг ва солиҳ фарзандларингина сени эслатади. Умр ўлчовли, ўткинчилигини унутмаслик, дейим келади, Онам.

Менинг бахтимга ҳам, фарзандларингиз бахтига ҳам омон бўлинг, Онажон Сизни севиб ардоқловчи қалби виқорли, ўзи ногирон ўғлингиз Саламат Авезов.

Зулайҳо Юлдашева,
Қўнғирот тумани.