Нукус давлат техника университетида ўтказилиши режалаштирилган "Яшил иқтисодиёт ва экологик барқарорликни таъминлашда сунъий интеллектнинг роли" мавзусидаги республика илмий-амалий конференцияси илк бор ташкил этилди.

Конференцияда университетнинг профессор-ўқитувчилари, мустақил изланувчилари, таянч докторантлари, магистратура тингловчилари ва бакалавриат талабалари иштирок этди.

Тадбирни университетнинг Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори М.Артиқбаев очиб бериб, ушбу конференция экология ва замонавий технологиялар кесимида олиб борилаётган тадқиқотлар учун муҳим илмий майдон эканлигини таъкидлади.

Шундан сўнг табрик сўзлари Дастурий инжиниринг кафедраси мудири, профессор Н.Утеулиэв, Ўқув ишлари бўйича проректор Р.Отениязов, шунингдек, факультет декани С.Алланиязовлар ўз чиқишларида яшил иқтисодиётга оид ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, сунъий интеллектнинг экологик самарадорликни оширишдаги имкониятлари ва илмий ҳамкорликни кучайтириш масалаларини таъкидлаб ўтдилар.

Унда маърузачилар ўзларининг илмий ишлари ва тадқиқот натижаларини тақдим этиб, сунъий интеллектнинг экологик жараёнларни самарали бошқаришдаги ўрни бўйича муҳим маълумотларни баён этди.

Ялпи сессиядан сўнг конференция ўз ишини сектор йиғилишлари кўринишида давом эттириб, жами 6 та секторда иштирокчилар мавзулар бўйича алоҳида маърузалар билан қатнашиб, илмий фикр-мулоҳазаларни муҳокама қилади.

Яъни, "Компьютер фанлари" факультети Дастурий инжиниринг мутахассислиги 1-босқич магистранти болалигидан II гуруҳ ногирони С.Авезов мустақил тингловчи сифатида қатнашган бўлса, шу факультетнинг 1- босқич магистранти Абилханова Балауса "Табиий тилни таҳлил қилиш моделлари ва алгоритмлари таҳлили" номли маърузаси бўйича 1-шўба – Математик моделлаштириш ва ҳисоблаш математикаси фанида қатнашди.

– Табиий тилни қайта ишлаш (NLP) алгоритмлари инсоннинг тил маълумотларини, шу жумладан, структураланмаган матн ва маълумотларни қайта ишлашга янгилик яратиш мақсадида ўз маърузамни тайёрладим. Яъни, статистик моделлар машиналарга инсон тилларини ўқиш, тушуниш ва маъно олиш имконини беради, – дейди 1-босқич магистранти Б.Абилханова.

Конференцияда кўтарилган масалалар бўйича профессор-ўқитувчилар ўзларининг тегишли фикр-мулоҳазаларини умумлаштирди ва тадбир ташкилотчиларига конференцияни юқори даражада ташкил этишдаги фаолияти учун миннатдорчилик билдирилди. Секторларда маъруза билан қатнашган иштирокчилар эса сертификатлар билан тақдирланди.

Саламат АВЕЗОВ,
Нукус давлат техникалари университетининг магистранти.