Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан кам таъминланган оилаларни аниқлаш механизмлари ва ижтимоий нафақаларни тайинлашда электрон тизимлардан фойдаланиш самарадорлигига бағишланган жамоатчилик эшитуви ўтказилди.

Тадбирда ижтимоий ҳимоя тизимидаги мавжуд ҳолат, жумладан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали аризаларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш жараёнлари таҳлил қилинди.

Қайд этилганидек, ҳозирги кунда Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 54 мингдан ортиқ фуқаро Ижтимоий реестрга киритилган, 70 минг нафар ногиронлиги бўлган шахслар ижтимоий хизматлардан фойдаланмоқда. Шунингдек, 115 турдаги ижтимоий хизматлар кўрсатилмоқда.

2025-йил давомида болалар нафақаси ва моддий ёрдам учун тақдим этилган 237 мингдан ортиқ аризалар белгиланган муддатларда кўриб чиқилгани таъкидланди.

Электрон мурожаатлар жорий этилиши натижасида фуқаролар учун вақт ва маблағ тежалиши, инсон омили камайиши ҳамда тизимга ишонч ортишига эришилган.

Шу билан бирга, аҳолининг электрон хизматлардан фойдаланиш бўйича хабардорлигини ошириш зарурлиги қайд этилди. Тадбир якунида бу борада ҳамкорликда ишларни кучайтиришга келишиб олинди.

Манба: Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги
Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси