Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти талабаси Шаҳзода Абиллаева “Экологик ижтимоий лойиҳалар” танловининг республика босқичи ғолиби бўлди.
Халқаро ёшлар экологик қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлиги ва Яшил ташаббуслар жамғармаси томонидан “Яшил келажак” оромгоҳи доирасида “Экологик ижтимоий лойиҳалар” танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.
Қувонарлиси, танловда Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти Табиий фанлар факультети биология таълим йўналишининг 3-курс талабаси Шаҳзода Абиллаева “БиоИлдиз” лойиҳаси билан иштирок этиб, ғолиблар қаторидан жой олди ва 20 000 000 сўм миқдорида грант соҳибига айланди.
– Лойиҳа қизилмия ўсимлигининг табиий ресурсларини муҳофаза қилиш билан бирга, шўрланган ҳамда деградацияга учраган ерларни биологик йўл билан тиклаш ва экологик тоза доривор хомашё етиштиришни мақсад қилган. Шунингдек, лойиҳа доирасида қизилмия плантацияларини барпо этиш орқали юқори иқтисодий даромад олиш ҳамда ёшларни амалий экологик ва ижтимоий фаолиятга кенг жалб қилиш кўзда тутилган, – дейди Шаҳзода Абиллаева.
Танлов ғолиблари сертификат ва ваучерлар билан тақдирланди.
Манба: Нукус ДПИ матбуот хизмати.



Отправить комментарий
Отправить комментарий