Инклюзив мактаб – бу болалар учун хавфсиз ва инклюзив таълим муҳитини яратиш республика ривожланишининг устувор йўналишларидан биридир. Ушбу мақсадда Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими таклифига асосан, UNICEF (Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси) томонидан республикамизда ва жаҳонда болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни соғлом, билимли ва хавфсиз муҳитда вояга етказишга қаратилган кенг кўламли дастурлар ва лойиҳаларни амалга ошириш доирасида Нукус шаҳридаги 34-сонли ва 8-сонли умумтаълим мактаблари ногиронлиги бўлган ўқувчиларга мослаштирилди.

Лойиҳа доирасида мактабларнинг асосий ва захира чиқиш жойларига пандуслар ўрнатилди, ўқувчилар учун замонавий, қулай ва санитария талабларига мос санитария хоналари ташкил этилди, инклюзив таълим хоналари ва стендлар ногиронлиги бўлган ўқувчиларнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда мослаштирилди ҳамда мактаблар инфратузилмасида тўсиқсиз муҳитни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Хулоса қилиб айтганда, республикамизда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиш учун ҳар томонлама шароит яратилмоқда. Инклюзив таълимни бутун мамлакат бўйлаб ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар бунга амалий мисолдир.

Саламат АВЕЗОВ,
Ўзбекистон Ногиронлар Ассоциацияси
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими мутахассиси.