Бугунги кунда қайси тоифадаги инсонлар учун пенсия тайинлашда имтиёзлар мавжуд? Қандай ҳолатларда пенсияга устамалар белгиланади?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларнинг рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида" ги 1994 йил 12 майда қабул қилинган 250-сонли қарори билан тасдиқланган 1, 2, 3-сонли рўйхат бўйича ва уруш ногиронлари, болаликдан ногирон фарзандларнинг оналари, лилипутлар ва паканалар имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқига эгадирлар.

Шунингдек, 20 йиллик суғурталанган иш стажига эга аёллар 54 ёшдан ёшга доир пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлиши белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикасининг "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги қонунининг 28-моддасига мувофиқ ҳисоблаб чиқарилган пенсияларга устама ҳақлари қуйидаги миқдорларда белгиланади:

а) I гуруҳ уруш ногиронларига – энг кам ойлик иш ҳақининг 150 фоизи;

б) II гуруҳ уруш ногиронларига – энг кам ойлик иш ҳақининг 125 фоизи;

г) кўзи ожизлик бўйича I гуруҳ ногиронларига – энг кам ойлик иш ҳақининг 100 фоизи;

д) I гуруҳ ногиронларига – энг кам ойлик иш ҳақининг 75 фоизи;

е) II гуруҳ ёлғиз ногиронларига – энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи;

ж) уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахсларга – энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи;

з) 1941-1945 йиллардаги уруш даврида мамлакат ичкарисида ишлаган ва ҳарбий мажбуриятни бажарган шахсларга – энг кам ойлик иш ҳақининг 30 фоизи;

и) вафоти ҳарбий хизмат ёки ички ишлар органларидаги хизмат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ ҳарбий хизматчиларнинг ҳамда ички ишлар органлари ходимларининг ота-оналарига ва янги никоҳдан ўтмаган бева хотинларига (бева эрларига) энг кам ойлик иш ҳақининг 30 фоизи;

к) Ўзбекистон Республикаси олдида алоҳида хизматлари бўлган шахсларга хизматларига қараб энг кам ойлик иш ҳақининг 100 фоизидан 150 фоизигача;

л) ёшидан қатъи назар имтиёзли пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга бўлган артистларга энг кам ойлик иш ҳақининг 75 фоизи;

м) театр-концерт ташкилотлари артистлари ва бадиий ходимларига, театр ва мусиқа санъати ижодий ходимлари тайёрловчи ўқув муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва концертмейстерларига, Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган рўйхатга кўра энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида устамалар белгилаб қўйилган.

Қандай ҳолатларда пенсия миқдори қайта ҳисобланиши мумкин?

Ўзбекистон Республикасининг "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Қонунининг 49-моддасида пенсияларни қайта ҳисоблаш шартлари баён қилинган бўлиб, унга кўра, пенсияларни қайта ҳисоблаш:

– пенсионер пенсия миқдорига таъсир кўрсатувчи (пенсия тайинланишигача бўлган иш стажи ва иш ҳақи тўғрисидаги ҳамда бошқа) қўшимча ҳужжатларни тақдим этган тақдирда;

– ногиронлик гуруҳи ўзгарганда;

– боқувчисини йўқотганлик пенсияси оладиган оила аъзолари сони ўзгарганда;

– энг кам ойлик иш ҳақи миқдорлари ўзгарган тақдирда;

– даромадлар индексация қилинган тақдирда амалга оширилади.

Пенсионерлар пенсияни қайта ҳисоблаш учун ана шундай ҳуқуқ пайдо бўлганидан кейин исталган вақтда мурожаат этишлари мумкин.

Манба: Молиячи маълумотномаси

"Disability Rights" – Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқи Махсус тўплами телеграм каналига аъзо бўлинг

© P.S.: Ғоя муаллифи: Саламат Авезов.
Болалигидан II-гуруҳ ногирони «ДЦП – (Детский Церебральный Паралич) – БЦФ – Болалар Церебрал Фалажи)» ташхиси.