- Ёшим 53 да. 22 йил I гуруҳ ногирони бўлган қайнотамни парваришладим. Бироқ бу ҳолатни тасдиқловчи ҳужжатлар йўқ. Қайнотам 2014 йили оламдан ўтган. Уни парваришлаганим учун менга стаж ёзиладими?

- Қараб туришнинг ҳуқуқий ҳолатларини текшириш далолатномаси, пенсия ишига тикиб қўйилади ва қараб турган шахсга пенсия тайинлашда иш стажига киритиш учун асос ҳисобланади.

Қараб туришнинг ҳуқуқий ҳолатларини текшириш далолатномаси фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ходимларидан ва шахслардан сўраб чиқиш, шунингдек, уларнинг қўшниларидан сўраб чиқиш асосида Пенсия жамғармаси бўлими томонидан (ҳар 12 ойда) тузилади.

Қараганлик даврини тасдиқловчи ҳужжатларсиз ушбу даврларни иш стажи таркибига қўшиб ҳисоблашнинг имконияти мавжуд эмас. Пенсия миқдори (иш стажи ва иш ҳақи) мавжуд (тақдим этилган) ҳужжатларга асосан ҳисобланади.

«Архивда ҳужжатлар йўқ!»

– Отам ногирон. 35 йиллик иш стажига эга. Ҳозирда 220 000 сўм нафақа олади. Пенсиясини қайта ҳисоблатамиз десак, архивда ҳужжатлар топилмаяпти. Бизга нима маслаҳат берасиз?

– Пенсия миқдори, пенсионер пенсия миқдорига таъсир кўрсатувчи (пенсия тайинланишигача бўлган иш стажи иш ҳақи тўғрисидаги ҳамда бошқа) қўшимса ҳужжатларни тақдим этган тақдирда қайта ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси «Архив иши тўғрисида»ги Қонуннинг 25-моддасига кўра, архивлар ва идоравий архивларда архив ҳужжатларининг бут сақланиши таъминлаш архивлар ҳамда корхоналар, муассасалар, ташкилотлар раҳбарларининг зиммасига юклатилади. Корхоналар муассасалар ва ташкилотлар шахсий таркиб бўйича ҳужжатларнинг бут сақланишини таъминлаши шарт.

«Боқувчим йўқ...»

– 1951 йили туғилганман. II гуруҳ ногирониман. Айни дам 440 000 сўм нафақа оляпман. Лекин бу дори-дармонимга етмаяпти. Боқувчим ҳам йўқ. Пенсияни қайта кўриб чиқишларини сўраб, мурожаат қилишим мумкинми? Менга боқувчисини йўқотганлик нафақаси тайинласа бўладими?

– Боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақси вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоларига тайинланади. Боқувчисини йўқотганлик пенсия марҳум (боқувчи)нинг иш стажи ва иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларга асосан ҳисобланади. Сиз боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлсангиз, яшаш жойи бўйича пенсия жамғармаси бўлимига мурожаат этишингиз мумкин.

Манба: «SUG’DIYONA» №10 (1119) 19.03.2020

“Disability Rights” – Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқи Махсус тўплами телеграм каналига аъзо бўлинг

© P.S.: Ғоя муаллифи: Саламат Авезов.
Болалигидан II-гуруҳ ногирони «ДЦП – (Детский Церебральный Паралич) – БЦФ – Болалар Церебрал Фалажи)» ташхиси.