Таълим тизимини бугунги давр талабларига мувофиқлаштириш, юксак маънавиятли, билимли ёш авлодни тарбиялаш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бугун энг чекка қишлоқларимизда ҳам замон талабига жавоб берадиган, барча ўқув ва лаборатория жиҳозлари билан жиҳозланган, шаҳарлардан қолишмайдиган ўқув масканлари қад ростлаган, уларда озод ва обод Ватанимизнинг бахтли фарзандлари таълим-тарбия олмоқдалар.

Бугунги кунда Элликқалъа тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли умумий ўрта таълим мактаблари ва мактабгача таълим ташкилотлари тармоқлари кенгайиб кетган, муҳими уларнинг барчаси замонавий қад ростлаган. Айни пайтда, бўлим тасарруфида 114 та таълим муассасаси мавжуд. Уларнинг 74 таси умумий ўрта таълим мактаблари, 38 таси Давлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳисобланади. Шунингдек, туманимизда ижодкор ва ихтирочи болажонлар учун “Баркамол авлод” мактаби бор. Уни биз “Келажак маркази” деб атаймиз.

Бизнинг умумий таълим мактабларимизда 33,5 мингдан ортиқроқ болалар таълим тарбия оладилар. Уларнинг тенг ярмини қиз болалар ташкил қилади.

Бизнинг туманимиз олис кенгликларда жойлашган аҳоли пункти бўлишига қарамасдан бу ҳудудда азалдан турли миллат вакиллари истиқомат қиладилар. Тумандаги ҳар бир миллат вакиллари болаларининг таълим олишлари учун имкон қадар шароит яратиб беришга ҳаракат қиламиз. Шу боис, мактабларимизда машғулотлар бешта – ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ, рус ва туркман тилларида олиб борилади. Туманимиз мактабларида ҳозир ўзбек тилида – 31875 нафар, қорақалпоқ тилида – 582 нафар, рус тилида – 275 нафар, қозоқ тилида – 688 нафар ва туркман тилида 139 нафар ўқувчилар таълим олиб келмоқдалар.

Таълимнинг энг ишончли етакчилари педагогик кадрлар ҳисобланади. Шуни айтиш керакки, 2025 – 2026 ўқув йилида педагогларимиз сони 2986 нафарни ташкил қилди. Уларнинг кўпчилигини, 2183 нафарини хотин-қизлар ташкил қилади. Ўқитувчиларимизнинг 2652 нафари олий маълумотли, 249 нафари тугалланмаган олий маълумотли кадрлар ҳисобланади.

Бизнинг тизимда тажрибали, ўқитиш бўйича ўз услубиётини, кичик бўлса ҳам мактабини яратган ўқитувчиларимиз кўпчиликни ташкил қилади. Бутун туманимиз бўйича олий тоифали мутахассис педагогларимиз 322 нафарни, биринчи тоифали ўқитувчиларимиз 633 нафарни ташкил этади. Биз тажрибали педагогларни ғоят қадрлаймиз. Уларнинг ҳар бирига ёш педагогларни устоз сифатида биркитиб қўямиз.

Шунингдек, педсоветларнинг ҳар бирида тажрибали ўқитувчилар чиқишлар уюштирадилар.

Туманимизда узлуксиз таълимнинг дастлабки ва ғоят муҳим босқичи бўлган мактабгача таълимга болажонларни жалб этиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Туманимизда ҳозир 38 та давлат мактабгача таълим ташкилоти, 15 та давлат-хусусий шерикчилик асосида фаолият юритаётган нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва 141 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ишлаб турибди. Уларда туманимизнинг 11569 нафар кичкинтойлари таълим ва тарбия олмоқдалар. Шуни айтиб ўтиш лозимки, кейинги пайтларда нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари салмоғи ортиб боряпти. Айни пайтда, 7386 нафар болажонлар давлат МТТларига қатнаётган бўлса, 4383 нафар кичкинтойлар давлат хусусий шериклик ва оилавий МТТларга, яъни нодавлат болалар муассасаларига қатнамоқдалар.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш зарурки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-152-сонли Фармони ижроси бўйича туманимизда 6 ва 16-сонли ДМТТлар таянч боғча сифатида белгиланган. Ҳозирги пайтларда, методик маҳорат куни ва методик маҳорат соатлари режа асосида ўтказилиб келинмоқда.

Мактабни бу йил тугаллаганлар орасида туман бўйича 5 нафар ўқувчи кумуш, 8 нафар битирувчи олтин медалга лойиқ кўрилди.

Кейинги йилларда биз педагогларнинг маҳорат доирасини олий таълим муассасаларига ўқишга кирган ўқувчилар сонига қараб белгиламоқдамиз. Бу росдан ҳам билимни баҳолашнинг табиий ва ошкора йўли ҳисобланади. Ўтган ўқув йилида умумий ўрта таълим мактабларимизни 2754 нафар ўқувчилар битирган бўлса уларнинг 2148 нафари, бошқача айтганда, 78 фоизи олий таълим муассасаларига кириш учун тест синовларига қатнашиш истагини билдирдилар. Ҳозир битирувчиларимизнинг ОТМга киришда имтиёз берувчи миллий ва халқаро сертификатлари сони 1348 тани ташкил қилмоқда. Шунингдек, барча фанлардан тегишли сертификатга эга бўлиб муддатидан олдин талаб бўлган ўқувчилар сони 9 нафарни ташкил қилади. Умид қиламизки, ана шундай ҳалол меҳнат билан илм олиб, ОТМларга кирадиганлар сони йилдан-йилга кўпаяверади.

Қорақалпоғистон тажрибаси сифатида қурилган “Аъло мактаб – 2025” лойиҳаси давом этмоқда. Шу кунларда мазкур лойиҳанинг йил якуни бўйича таълим муассасаларининг натижалари эълон қилинди. “Аъло мактаб – 2025” лойиҳаси кўрсаткичлари бўйича бизнинг Элликқалъа туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бугунги кунда республикамиздаги 17 та шаҳар ва туманлар ичида 5- ўринни эгаллаб келмоқда. Бундан-буён ҳам биз таълим-тарбия сифатига жиддий эътибор қаратиб, ютуқлар салмоғини ошираверамиз.

Шуҳрат ХОЛМУРОТОВ,
Элликқалъа тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи.

Манба: “IMKONIYAT” №13 son (61) 2026 yil 4 iyul