Ночорларга ғамҳўрлик қилиш, меҳру-саҳоват улашиш халқимизга хос бўлган энг олий фазилатлардан ҳисобланади. Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан “Ватанпварварлик ойлиги” доирасида “Меҳр-мурувват улашайлик!” деган эзгу ғоя остида Нукус “Мурувват” аёллар интернат уйида хайрия тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда ташаббускор ва саҳоватпеша ҳарбийлар ҳамда уларнинг оила аъзолари руҳиятида нуқсони бор бўлган интернат уйи тарбияланувчиларининг ҳолидан хабар олиб, уларга моддий ва маънавий кўмак беришди.

Таъкидлаш жоизки, 2018 йилдан буён фаолият юритаётган Мурувват уйи қарамоғида айни пайтда 250 нафар руҳиятида ўзгариши бор турли ёшдаги аёллар стационар даволанишади. Уларга интернат уйининг тажрибали шифокорлари, психолог ва бошқа соҳа мутахассисларидан иборат бўлган тажрибали персонал амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда.

Эътиборлиси, 5 та малакали шифокор, 33 та ҳамшира ва 80 нафар энагага бириктирилган тарбияланувчилар ногиронлиги бўлишига қарамасдан, “Мурувват” уйида фаолият кўрсатаётган тўгаракларда расм чизиш, қўл меҳнати ҳамда спорт билан шуғулланиб келишади.

Эзгуликка йўғрилган тадбир давомида меҳмонлар тарбияланувчилар томонидан қўл меҳнати билан турли қўлбола предметлар ёрдамида яратилган бетакрор санъат асарларидан эстетик завқ олишди. Дизайнерлик ва яратувчанлик маҳоратидан ҳайратга тушган меҳмонлар тарбияланувчиларнинг меҳнатини юқори баҳолашди. Баъзан тўрт мўчали соғлом аммо қўлида ҳеч қандай ҳунари йўқ бўлган, ҳаётдан нолиб яшайдиган инсонларни учратиш мумкин. Ногиронлиги бўла туриб, меҳнат қилишга, ҳунар эгаллашга ҳаракат қилаётган аёлларнинг ҳаётий позициясини кўриб, албатта, киши ўйга тушади.

Шу куни “Мурувват” уйининг маданият саройида “Ашула ва рақс” тўгараги фаоллари томонидан меҳмонларга байрамона концерт дастури ҳавола этилди. Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестри жамоасининг ажойиб куй ва қўшиқлари билан давом этган концерт меҳру-мурувватга муҳтож аёллар қалбига шодлик, унутилмас онлар шукуҳини ҳадья этди.

Тадбир сўнггида ҳарбийларнинг пазанда оила аъзолари томонидан “Мурувват” уйи тарбияланувчиларига байрамона дастурхон ёзилди.

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати.

Манба: Kar24.uz