Жамият тараққиётининг асосий мезонларидан бири – инсон қадрини устувор қўйиш, ногиронлиги бўлган ҳар бир шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш ҳамда жамият ҳаётида тенг иштирок этишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Ногиронлар Ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими томонидан БМТ (Бирлашган Миллатлар Ташкилоти) Тараққиёт дастурининг молиявий кўмагида «Оролбўйи ҳудудида инклюзив ҳуқуқий маданиятни юксалтириш» грант лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Лойиҳа доирасида экологик оғир ҳудудлар, жумладан, Оролбўйи минтақасида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари хонадонларига уйма-уй кириб ўрганиш жараёнида ногиронлиги бўлган шахслар, хотин-қизлар ва ёшларга манзилли ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди ҳамда маълумотлар очиқлигини таъминловчи инклюзив ҳуқуқий маданият бўйича тушунчалар берилди.

Шу тариқа, инклюзив ҳуқуқий маданиятни юксалтириш мақсадида тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича қуйидаги йўналишларда тушунтиришлар берилди: ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва ижтимоий ҳимояси, реабилитация, протезлаш, ногиронликни электрон белгилаш, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳамда уй-жой субсидияларини ажратиш.

Оролбўйи ҳудудида инклюзив ҳуқуқий маданиятни юксалтириш фақатгина ҳуқуқий саводхонликни ошириш дегани эмас, балки бу минтақада ногиронлиги бўлган шахсларнинг турмуш сифатини яхшилаш, уларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қила олиш кўникмаларини шакллантириш орқали ижтимоий барқарорликни таъминлаш демакдир.

Ҳеч нарса инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас. Ҳар бир фуқаронинг мурожаати ва эҳтиёжлари алоҳида эътиборга олиниб, уларга янгиланаётган жамиятда амалий ва манзилли ёрдам кўрсатиш чораларини белгилаш муҳим аҳамиятга эга.

Саламат АВЕЗОВ,
Ўзбекистон Ногиронлар Ассоциацияси
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими мутахассиси.