30 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси М.Камалов Нукус “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйида бўлиб, жамоани янги йил байрами билан табриклади.

Республика раҳбари бу ерда даволанувчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси номидан қимматбаҳо совғалар топширилди.

Интернат уйида бугунги кунда ўзгалар парваришига, тиббий ва ижтимоий ёрдамга муҳтож, руҳиятида сезиларли нуқсони бўлган 18 ёшдан юқори  I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган аёллар яшаб келмоқда. Интернатнинг янги биноси 2017-2018 йиллар давомида Инвестиция дастурига мувофиқ қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу ерда яшовчилар учун барча шароитлар яратилган. Улар малакали шифокорлар томонидан йилига икки марта чуқурлаштирилган тиббий текширувдан ўтказилиб турилади. Хотин-қизлар керакли протез-ортопедия буюмлари, реабилитация техник воситалар билан етарли даражада таъминланган. Бўш вақтларини мазмунли ўтказиши учун кутубхона, спорт ўйинлари хоналари бўлиб, зарур инвентарлар билан таъминланган. Шунингдек, очиқ ҳавода баскетбол, волейбол ва югуриш майдончаларида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш имкониятига эга. Бундан ташқари тикиш, қўшиқ ва оёқ ўйини ва бошқа тўгараклар ташкил этилган. Бу ерда байрам кунлари турли тадбирлар ўтказиб турилади.

Меҳмонларга янги йил байрами муносабати билан ташкил этилган концерт дастури намойиш этилди.

Тадбир сўнгида Нукус «Мурувват» ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйи директори Л.Ким сўзга чиқиб, бундай эътибор ва ғамхўрлиги учун Президентимизга, республика раҳбарларига миннатдорчилик билдирди.

Шундан сўнг Жўқорғи Кенгес Раиси М.Камалов Хўжайли туманидаги 1-сон Меҳрибонлик уйида меҳмонда бўлиб, бу ерда тарбияланаётган ўғил-қизларни янги йил байрами билан табриклади ва Президент совғаларини топширди.

Меҳмонларга “Тонг ғунчалари” ансамбли томонидан концерт дастури тақдим этилди.

Шу куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А.Давлетов ва Чимбой тумани ҳокими А.Тажетдинов тумандаги “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун эркаклар интернат уйида бўлди.

Меҳмонлар “Мурувват” ногиронлиги бўлган шахслар учун эркаклар интернат уйида яратилган шароитлар билан танишиб, бу ерда яшаётган инсонларни янги йил байрами билан табриклади ва эсдалик совғаларини топширди.

Манба: Joqargikenes.uz