Zamin фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева Нукус шаҳридаги 4-сонли ихтисослаштирилган кар ва эшитиш қобилияти заиф болалар мактаб-интернатига ташриф буюрди.

Фонд хабарига кўра, эшитиш қобилияти заиф болалар учун таълимни ривожлантириш дастури доирасида бу йил ушбу мактаб замонавий FM-тизимлари, нутқни ривожлантириш учун машғулот ускуналари каби махсус ёрдамчи ускуналар билан жиҳозланади.

«Барча ўқувчилар эшитиш қобилияти диагностикасидан ўтказилди. Унинг натижаларига кўра, мактабга 204 та эшитиш аппарати ажратилади ва кохлеар имплантациялар ўтказилади.

Шу йўл билан болалар учун таълим ва ҳаётни идрок этиш сифати сезиларли даражада яхшиланади», – дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Нукус шаҳридаги мактаб билан бир қаторда Андижон, Бухоро, Жиззах, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги яна 7 та ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ёрдамчи ускуналар билан таъминланади.

Эслатиб ўтамиз, Zamin фонди кар ва заиф эшитувчи болалар учун таълим сифатини ошириш дастурини амалга оширмоқда. Дастур доирасида эшитиш қобилияти заиф болалар учун ихтисослаштирилган 18та мактабда информатика синфлари замонавий ускуналар билан жиҳозланган.

Манба: KUN.UZ