Солиқ тўлашнинг муддатини кейинроқ муддатга кўчириш солиқни тўлаш муддатини ўзгартириш деб эътироф этилади. Солиқ тўлаш муддатини ўзгартиришга белгиланган тартибда йўл қўйилади. Агар Солиқ кодексида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, тўланиши лозим бўлган умумий солиқ сўммасига ёки унинг бир қисмига нисбатан, қарз сўммасига фоизлар ҳисобланган ҳолда, солиқ тўлаш муддатини ўзгартириш мумкин. Солиқ тўлаш муддатини ўзгартириш уни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш шаклида амалга оширилади. Солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш, шу солиқ бўйича тегишлича бир йўла ёки босқичма-босқич қарз сўммасини тўлаган ҳолда, ушбу солиқни тўлаш муддатини ўзгартиришдан иборатдир. Солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисида қарор қабул қилингунига қадар юзага келган қарз сўммасига ёки келгусида юзага келадиган қарз сўммасига нисбатан берилиши мумкин.

Солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш, агар Солиқ Кодекснинг99-моддасидабошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, бир йилдан ошмаган муддатга берилади. Солиқ тўлаш муддати ўзгартирилишига талабгор шахс (бундан буёнманфаатдор шахс деб юритилади) солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш тўғрисида ариза беришга ҳақли. Бундай ариза бир ёки бир нечта солиққа нисбатан берилиши мумкин. Манфаатдор шахснинг солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ҳақидаги аризасини кўриб чиқиш чоғида, солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилишга ваколатли орган мазкур шахсга у билан келишилган ҳолда қабул қилиниши мумкин бўлган кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлашнинг бошқа шартларини таклиф этишга ҳақли. Солиқ тўлаш муддатининг ўзгартирилиши солиқ тўлаш бўйича мавжуд мажбуриятларни бекор қилмайди ва янги мажбуриятларни вужудга келтирмайди. Солиқ кодексининг тегишли моддаларида кўрсатилган органларнинг қарорига кўра солиқ тўлаш муддатини ўзгартириш, мол-мулк гарови, кафиллик ёки банк кафолати билан таъминланиши мумкин. Пеня ва жарима, тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилганда ҳам қўлланилади.

Солиқни тўлаш муддатини ўзгартиришни истисно этадиган ҳолатлар

Агар манфаатдор шахсга нисбатан қуйидаги шартлардан ҳеч бўлмаганда биттаси бажарилаётган бўлса, солиқни тўлаш муддати ўзгартирилиши мумкин эмас: Булар

1) солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилиши билан боғлиқ жиноят аломатлари бўйича жиноий иш қўзғатилган бўлса;

2) ушбу шахс бундай ўзгартиришдан солиқ солиниши лозим бўлган ўз пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкини яшириш учун фойдаланишини ёки ушбу шахс доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқиб кетишини тахмин қилиш учун етарлича асослар мавжуд бўлса;

3) ушбу шахс солиқни тўлаш муддатини ўзгартириш тўғрисида ариза берган кундан олдинги уч йил мобайнида ваколатли орган томонидан солиқ тўлаш муддатини тегишли ўзгартириш шартлари бузилганлиги муносабати билан илгари берилган кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятининг амал қилишини тугатиш тўғрисида қарор чиқарилган бўлса;

4) банкротлик тўғрисида иш қўзғатилган бўлса.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 декабрдаги 776-сон қарорига асосан Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан солиқ тўловчиларнинг солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш тартиби тўғрисида НИЗОМга биноан Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади: солиқ қарзи – Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси талабларига мувофиқ ҳисоблаб чиқарилган (ҳисобланган) ва белгиланган муддатларда тўланмаган солиқларнинг, шу жумладан, улар бўйича бўнак ва жорий тўловларнинг сўммалари, шунингдек, Солиқ кодексида белгиланган муддатда тўланмаган молиявий санкциялар ва пенялар; солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш – солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш орқали солиқ тўлашнинг муддатини кейинроқ муддатга кўчириш; солиқ тўлашни кечиктириш – солиқ қарзини бир йўла тўлашни назарда тутган ҳолда солиқ тўлаш муддатини ўзгартириш; солиқни бўлиб-бўлиб тўлаш – солиқларни тенг улушларда босқичма-босқич тўлашни назарда тутган ҳолда солиқ тўлаш муддатини ўзгартириш; ваколатли орган – Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашлари; манфаатдор шахс – ушбу Низомда белгиланган солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш бўйича мурожаат қилган солиқ тўловчи. Солиқни тўлаш бўйича муддатни ваколатли орган томонидан ўзгартириш имконияти манфаатдор шахсга, башарти унинг молиявий аҳволи ушбу солиқни белгиланган муддатда тўлаш имконини бермаса, бироқ кўрсатилган солиқ тўловчида бундай солиқни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш учун берилган муддат мобайнида тўлаш имконияти юзага келади деб тахмин қилиш учун етарлича асослар (аниқ ҳисоб-китоблар, бажарилган ишлар ва (ёки) кўрсатилган хизматларнинг ҳақини тасдиқловчи ҳужжатлар) мавжуд бўлган тақдирда берилади.

Ҳокимликлар манфаатдор шахснинг аризаси олинган кундан эътиборан беш иш куни мобайнида тақдим этилган ҳужжатларнинг асослилигини ўрганиб чиқиб, солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имкониятини бериш ёхуд уни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор лойиҳасини ваколатли органга кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун киритади. Ваколатли орган солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш ёхуд уни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси киритилган кундан эътиборан ўттиз кун мобайнида қарорни қабул қилади.Қарор ваколатли органнинг раҳбари (раиси) томонидан имзоланади. Бунда қарорда солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имкониятини бериш назарда тутилган тақдирда:кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилаётган солиқ тури (турлари);қарз сўммаси;кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилаётган солиқ тури (турлари) бўйича муддат;қарз сўммасини ва ҳисобланган фоизларни тўлаш тартиби ҳамда муддатларини ўзида акс эттирган қарорнинг нусхаси ҳокимликлар томонидан манфаатдор шахс ҳисобда турган жойдаги солиқ органига ва манфаатдор шахсга ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч иш куни мобайнида юборилади. Қарорда солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имкониятини бериш рад этилиши назарда тутилган тақдирда, ҳокимликлар ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир иш куни мобайнида асосланган рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда қабул қилинган қарор тўғрисида манфаатдор шахсни ёзма равишда хабардор қилади. Солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имкониятини бериш ёки рад этиш тўғрисидаги қарорга мувофиқ солиқ органи томонидан қарор олинган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида манфаатдор шахснинг шахсий карточкасига ёзув киритилади ва икки томонлама далолатнома тузилади. Солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имкониятини беришдан фойдаланганлик учун фоизларни ҳисоблаб чиқариш пеняни ҳисоблаш учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади ва манфаатдор шахснинг шахсий карточкасида кечиктирилган солиқлар учун ҳисобланган фоизлар сифатида акс эттирилади. Қарор ушбу қарорда белгиланган кундан эътиборан кучга киради. Бунда солиқни тўлаш учун белгиланган кундан эътиборан ушбу қарор кучга кирадиган кунга қадар бўлган бутун вақт учун тегишли пенялар, агар тўловнинг кўрсатилган муддати ушбу қарор кучга кирадиган кундан олдин бўлса, қарз сўммасига киритилади. Агар солиқ тўлаш муддатларини ўзгартириш имконияти мол-мулк гарови эвазига бериладиган бўлса, уни бериш тўғрисидаги қарор фақат Солиқ кодексида назарда тутилган тартибда мол-мулк гарови тўғрисидаги шартнома тузилгандан кейин кучга киради.

Мадад ННТ Иштихон тумани
ҲМБ бош мутахассиси Н.Кодирова