– Мен II гуруҳ ногирониман. Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда даволаниш учун йўлланманлар бериш тартиби ўзгараётганлигини эшитдим. Янги тартиб қандай бўлади?

– Янги тартибга кўра, 2022 йил 1 июлдан бошлаб санаторийларда даволаниш учун йўлланманлар олиш учун жисмоний шахслар Давлат хизматлари марказлари ёки электрон шаклда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиши мумкин.

Бунинг учун сўровнома тўлдирилади ва унга:

– имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат нусхаси;

– тиббий маълумотнома (даволовчи шифокор томонидан бериладиган санаторий-соғломлаштириш тавсия этиладиган маълумотнома).

Ваколатли орган (туман (шаҳар) тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлимлари) сўровнома келиб тушганидан сўнг, уларнинг электрон реестрини юритади ва фуқаролар томонидан кузатиб борилиши учун навбатлар тўғрисидаги маълумотларни расмий веб-сайтида реал вақт режимида янгилаб борилишини таъминлайди.

Йўлланмалар санаторийларнинг мавжуд ўринларидан келиб чиққан ҳолда ажратилган бюджет маблағлари доирасида навбат асосида берилади.

Ваколатли орган навбати келган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга QR-код (матрик штрихли код) қўйилган йўлланмани расмийлаштиради ҳамда уни ўз ЭРИси билан тасдиқлаб, тегишли Давлат хизматлари марказига ЯИДХП орқали электрон равишда юборади.

Йўлланмалар қуйидаги тоифадаги кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга берилади:

– уруш ногиронларига ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар;

– ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг янги никоҳдан ўтмаган бева хотинлари (бева эрлари);

– республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчи шахслар;

– Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахслар, шунингдек, Чернобиль ҳалокати сабабли ногирон бўлиб қолган шахслар;

– ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган пенсия ёшидаги шахслар;

– I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, кўзи ожиз I гуруҳ ногиронини кузатиб борувчи шахс;

– ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар;

– ёшга доир пенсия олувчилар.

Давлат хизматлари кўрсатилгани учун йиғим ундирилмайди.

Саволга Севара Закирова,
Давлат хизматлари агентлиги
матбуот котиби жавоб берди.

Манба: Hudud24.uz 

“Disability Rights” – Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқи Махсус тўплами телеграм каналига аъзо бўлинг

© P.S.: Ғоя муаллифи: Саламат Авезов.
Болалигидан II-гуруҳ ногирони «ДЦП – (Детский Церебральный Паралич) – БЦФ – Болалар Церебрал Фалажи)» ташхиси.