Ёшлар ишлари агентлиги Тахиатош туман бўлими томонидан ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Туманда айни пайтда ёшларнинг умумий сони 41 минг 853 нафарни ташкил этади. 2021 йилда агентлик томонидан 1448 нафар ёшнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашилди.

144 нафар ёшнинг тадбиркорлик ва ҳунармандчилик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 4 миллиард 319 миллион сўм кредит ажратилди. Шунингдек, деҳқончилик билан шуғуланиш истагидаги 499 нафар талабгорга 169 гектар ер майдони ижарага берилган. 500 дан зиёд йигит-қиз касб-ҳунар ва тадбиркорлик асослари бўйича ўқитилди. Ушбу чора-тадбирлар натижасида, йил якунига қадар 1 минг 200 дан  зиёд ёшлар “Ёшлар дафтари”дан чиқарилган.

– Хонадонимиз ёнидан гўзаллик салонини ташкил этишда ёрдам сўраб Ёшлар ишлари агентлиги бўлимига мурожаат қилдим, - дейди Дўстлик маҳалласида яшовчи Мунира Назарова. – Мурожаатим қисқа фурсатда ўрганилиб, менга субсидия ҳисобидан 9 миллион сўм маблағ ажратилди. Ушбу маблағ ҳисобидан ташкил этилган Гўзаллик салони айни пайтда маҳалладошларимизга сифатли хизмат кўрсатиб келмоқда. 

Мунира Назарова 1-гуруҳ ногирони, унинг имконияти чекланган. Лекин, изланиш ва меҳнат қилишдан ҳеч чарчамайди. Тикиш ва бичишдан ҳам уқуви бор. Келгусида иш фаолиятини кенгайтириб, маҳалласидаги яна бир қанча хотин-қизни иш билан таъминлашни ниятида.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА

Манба: O'zbekiston Milliy axborot agentligi