Турмуш ўртоғим II гурух ногирони, якинда жарроҳлик амалиётини ўтказди. Маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчисига уйда ўзини-ўзи банд қилиш мақсадида ногиронларга субсидиялар борми деган мазмунда мурожаат қилсам, ногиронларга ҳеч нарса йўқ дейишди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 июндаги 341-сон қарорига кўра,касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малака ошириш, тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўргатиш курсларини муваффақиятли тугатиб, махсус сертификат олган ҳамда тадбиркорлик субъекти ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтган ногиронлиги бўлган ёшларга Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) маблағлари ҳисобидан асбоб-ускуналар ва меҳнат қуролларини харид қилиш учун субсидия ажратиш тартиби белгиланди.

Ушбу Регламентга мувофиқ, ариза берувчи- субсидия ажратишни сўраб мурожаат қилган ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган ногиронлиги бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс (ўн олти ёшга тўлмаган шахс номидан мурожаат қилган унинг қонуний вакили) ҳисобланади.

Бунда, касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малака ошириш, тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўргатиш курсларини муваффақиятли тугатиб, махсус сертификат олган ҳамда тадбиркорлик субъекти ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтган ногиронлиги бўлган ёшларга асбоб-ускуналар ва меҳнат қуролларини (мотокультиваторлар, ўт ўриш ўроқ машиналари, перфораторлар, пайвандлаш аппаратлари, ўсимликларга ишлов бериш қурилмалари, дурадгорлик, чилангарлик, қурилиш ускуналари, компьютер жамланмаси ва бошқалар) харид қилиш учун Жамғарма маблағлари ҳисобиданногиронлиги бўлган ҳар бир ёшга унинг талабига мувофиқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача бўлган миқдорда субсидия ажратилади.

Субсидия ҳар йили аризалар топшириш кетма-кетлиги бўйича ушбу Қарор талабларига тўлиқ мос келган 500 нафар ногиронлиги бўлган шахсга ажратилади.

Бунда бир нафар ариза берувчига ажратиладиган субсидиянинг миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан ошмаслиги лозим.

Ариза берувчи субсидия олиш учун исталган давлат хизматлари марказига мурожаат қилади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (кейинги ўринларда – ЯИДХП) давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.

Бундай мурожаат ариза берувчи тадбиркорлик субъекти ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтгандан бошлаб бир юз саксон кун давомида амалга оширилиши лозим.

Саволга Амангул АЛДАМУРАТОВА,
“Мадад” ННТнинг Қорақалпоғистон Республикаси
Нукус шаҳар ҳуқуқий маслаҳат бюроси
бош мутахассиси жавоб берди.

“Disability Rights” – Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқи Махсус тўплами телеграм каналига аъзо бўлинг

© P.S.: Ғоя муаллифи: Саламат Авезов.
Болалигидан II-гуруҳ ногирони «ДЦП – (Детский Церебральный Паралич) – БЦФ – Болалар Церебрал Фалажи)» ташхиси.