– Менинг вояга етмаган фарзандим бор, у II гуруҳ ногирони. Ўзим ёлғиз онаман ногирон боламни ҳисобга олиб таътилимга қўшимча таътил куни қўшиб беришлари мумкинми?

Ногирон боласини тарбиялаётган ходимларга амалдаги қонунчилигимизда ҳақ тўланадиган қўшимча таътил ва қўшимча дам олиш куни берилишига оид қоидалар бор. Жумладан, Меҳнат кодексининг 232-моддасига мувофиқ, ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёлларга ҳар йили уч иш кунидан кам бўлмаган муддат билан ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади.

Демак, агар ногирон фарзандингиз 16 ёшга тўлмаган бўлса, Сиз бир иш йили давомида қўшимча равишда 3 иш кунидан иборат ҳақ тўланадиган таътилдан фойдаланишингиз мумкин. Бу таътил йиллик меҳнат таътилингизга қўшиб берилиши мумкин.

Шунингдек,  Меҳнат кодексининг 230-моддасига кўра, ногирон боласини тарбиялаётган ота-онанинг бирига (васийга, ҳомийга) бола ўн олти ёшга тўлгунга қадар давлат ижтимоий суғуртаси маблағлари ҳисобидан бир кунлик иш ҳақи миқдорида ҳақ тўлаган ҳолда ойига қўшимча бир дам олиш куни берилади.

Бундан ташқари, «Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги низомнинг 85-банди (рўйхат рақами: 1136, 08.05.2002 й.)га асосан ногирон боласини тарбиялаётган ишловчи ота-онанинг бирига (васийга, ҳомийга) бола ўн олти ёшга тўлгунга қадар давлат ижтимоий суғуртаси маблағлари ҳисобидан бир кунлик иш ҳақи миқдорида ҳақ тўлаган ҳолда ойига қўшимча бир дам олиш куни берилади.

Ушбу қоидаларга эътибор қаратадиган бўлсак, 16 ёшга тўлмаган ногирон фарзандини тарбиялаётган ота-онадан бирига, давлат ижтимоий суғуртаси маблағлари ҳисобидан ҳақ тўлаган ҳолда ишхонадан ҳар ойда қўшимча бир кундан иборат бўлган дам олиш куни берилади.

Юқоридагиларга асосан Сиз қўшимча ҳақ тўланадиган таътилдан ташқари, ҳар ойда ҳақ тўланадиган бир кунлик қўшимча дам олиш кунидан ҳам фойдаланишингиз мумкин.

Манба: soglik.kasaba.uz

“Disability Rights” – Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқи Махсус тўплами телеграм каналига аъзо бўлинг

© P.S.: Ғоя муаллифи: Саламат Авезов.
Болалигидан II-гуруҳ ногирони «ДЦП – (Детский Церебральный Паралич) – БЦФ – Болалар Церебрал Фалажи)» ташхиси.