“Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси” Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлимининг “Иродали ва чевар қизлар” лойиҳаси Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди гранти ғолиби бўлди.

– Бугунги кунда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш, уларни меҳнат фаолиятига кенг жалб қилиш орқали ҳаёт сифати ва даражасини ошириш, ногиронлиги бўлган шахслар учун янги иш ўринлари яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди “Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси” Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими раҳбари Жаббар Нарбоев. – Лойиҳадан кўзланган мақсад, боқувчиси бўлмаган ва ногиронлиги бўлган хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш, уй хўжалигини ривожлантириш ва бандлигини таъминлашга кўмаклашишдир.

Жаббар Нарбоевнинг таъкидлашича, Қорақалпоғистон Республикасида 26 минг нафардан ортиқ ногиронлиги бўлган хотин-қиз рўйхатга олинган. Шундан Қўнғирот туманида 1505 ногиронлиги бўлган хотин-қиздан 361 нафари ишлаши мумкин. Бундан ташқари туманда ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг 2338 нафари “Аёллар дафтари”да, 400 нафари “Темир дафтари”да ва 96 нафари “Ёшлар дафтари” рўйхатига олинган. Бу хотин-қизларнинг аксарияти ишсиз ва ҳукумат кўмагига муҳтож.

Бугунги кунда чекка туман ва қишлоқларда яшовчи, ижтимоий ҳимояга муҳтож,  айниқса ногиронлиги бўлган хотин-қизларни иш билан таъминлаш долзарб масала ҳисобланади. Уларнинг аксарияти уйда бўлгани боис, руҳий ўзгаришлар кузатилади. Йўл ва транспорт харажатлари муаммоси борлиги туфайли, шаҳарга бориб касб ўрганиши қийин масала. Туман марказларида касбга ўргатиш бўйича курслар кам, ёки улар ногиронлиги бўлган шахсларни ўқитиш учун мослашмаган.

Мазкур лойиҳа тумандаги ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда ногиронлиги бўлган хотин-қизлар учун касбий ўқув курсларини ташкил қилиш, уларда фаол ҳаётий позицияни шакллантириш ва жамиятнинг иқтисодий қатлами сафига қўшилишига эришишига хизмат қилади. Тадбиркорликни бошлашда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда қўшимча иш ўринлари яратишдир. Жумладан, улар учун замонавий ҳамда миллий кийимлар, пардалар тикиш курслари ташкил этиш,  уларни тадбиркорликка йўналтириш, субсидия ва кредит олишда ҳуқуқий маслаҳат ҳамда амалий ёрдам бериш мақсад қилинган. Бу ишларга туман ҳокимлиги, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, ҳудуддаги ННТлар, туманда фаолият олиб бораётган тадбиркорлар жалб қилинади.

Сентябрь ойида 8 ойлик тикувчилик курси ўз ишини бошлаган бўлиб, яқин кунларда миллий кийим ва замонавий парда тикиш бўйича курслар фаолият бошлайди. Шу билан бирга ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун бериладиган субсидия ҳамда имтиёзли кредитлар масаласи бўйича семинар-тренинглар ташкил этилади. Тикувчилик курсини битирган хотин-қизларни иш билан таъминлаш масаласида туман ҳокимлиги билан музокаралар олиб борилмоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА

Манба: O’zbekiston Milliy axborot agentligi