Мен II гурух ногирониман, кеча меҳнат биржа томонидан берилган йўлланма билан бир ташкилотга ишга киргани ҳужжатларимни олиб борсам, бошлиғи "Сиз ногирон экансиз, ишга олаолмайман менга соғлом ходим керак" – деб менинг ҳужжатларимни олмасдан чиқариб юборди. Айтингчи, шунга ҳаққи борми?

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 6-моддасида, барча фуқаролар меҳнат ҳуқуқларига эга бўлиш ва улардан фойдаланишда тенг имкониятларга эгадир. Жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати ва мансаб мавқеи, динга бўлган муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублиги, шунингдек ходимларнинг ишчанлик қобилиятларига ва улар меҳнатининг натижаларига алоқадор бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб меҳнатга оид муносабатлар соҳасида ҳар қандай чеклашларга ёки имтиёзлар белгилашга йўл қўйилмайди ва булар камситиш деб ҳисобланиши, меҳнат соҳасида меҳнатнинг муайян турига хос бўлган талаблар ёки давлатнинг юқорироқ ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган шахслар (аёллар, вояга етмаганлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва бошқалар) тўғрисидаги алоҳида ғамхўрлиги билан боғлиқ фарқлашлар камситиш деб ҳисобланмаслиги, меҳнат соҳасида ўзини камситилган деб ҳисоблаган шахс камситишни бартараф этиш ҳамда ўзига етказилган моддий ва маънавий зарарни тўлаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкинлиги белгиланган.

Бундан ташқари, мазкур кодекснинг 220-моддасида, иш берувчи белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан иш жойларига ишга жойлаштириш тартибида маҳаллий меҳнат органи томонидан йўлланган ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилиши шартлиги белгиланган.

Маслахатим: Юқоридаги ҳолат яъни ишга қабул қилмаганлик юзасидан давлат меҳнатинспекциясига ёхуд прокуратурага, ногиронлигингизни рўкач қилиб камситилганлик ҳолати юзасидан фуқаролик судларига мурожаат қиласиз.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 50-моддасига асосан, маҳаллий меҳнат органлари томонидан корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга ишга юборилган шахсларни ишга қабул қилишни бўш иш ўринлари (вакант лавозимлар) мавжуд бўлгани ҳолда асоссиз равишда рад этиш, шунингдек иш ўринларининг белгиланган энг кам сони ҳисобидан иш ўринларига ишга жойлаштиришни асоссиз равишда рад этиш, худди шунингдек аввал талабнома берилган, касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга ва малакасини оширишга юборилган шахсларни ишга қабул қилишни асоссиз равишда рад этиш, – мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Манба: АДВОКАТ 24

“Disability Rights” – Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқи Махсус тўплами телеграм каналига аъзо бўлинг

© P.S.: Ғоя муаллифи: Саламат Авезов.
Болалигидан II-гуруҳ ногирони «ДЦП – (Детский Церебральный Паралич) – БЦФ – Болалар Церебрал Фалажи)» ташхиси.