Ўзим ишлайман 16 ёшгача бўлган парваришга муҳтож фарзандим. Аввал 5 соат ишлар эди, 6 соат ишласам 1 соат қисқатирилган пайт бўлар эди. 16 ёшгача ногиронлиги бўлган фарзанди бор онага иш ҳақи сақланган ҳолда бир кунлик таътил берилади. Ҳозир фарзандим 16 ёшда айтингчи шу имтиёз борми?

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 229-моддасида ҳомиладор аёлнинг, ўн тўрт ёшга тўлмаган боласи (ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боласи) бор аёлнинг, шу жумладан ҳомийлигида шундай боласи бор аёлнинг ёки оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилиш билан банд бўлган шахснинг илтимосига кўра, иш берувчи тиббий хулосага мувофиқ уларга тўлиқсиз иш куни ёки тўлиқсиз иш ҳафтаси белгилашга мажбурдир деб белгиланган.

Шунингдек, 230-моддасида ногиронлиги бўлган боласини тарбиялаётган ота-онанинг бирига (васийга, ҳомийга) бола ўн олти ёшга тўлгунга қадар давлат ижтимоий суғуртаси маблағлари ҳисобидан бир кунлик иш ҳақи миқдорида ҳақ тўлаган ҳолда ойига қўшимча бир дам олиш куни берилиши кўрсатилган.

Ушбу кодекснинг 231-моддасига мувофиқ ҳомиладор аёлларга ва бола туққан аёлларга йиллик таътиллар, уларнинг хоҳишига кўра, тегишлича ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки ундан кейин ёхуд болани парваришлаш таътилидан кейин берилади.

Ўн тўрт ёшга тўлмаган битта ва ундан ортиқ болани (ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган болани) тарбиялаётган ёлғиз ота, ёлғиз онага (бева эркаклар, бева аёллар, никоҳдан ажрашганлар, ёлғиз оналарга) ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг хотинларига йиллик таътиллар, уларнинг хоҳишига кўра ёз вақтида ёки улар учун қулай бўлган бошқа вақтда берилади.

Бундан ташҳқари, 232-моддага кўра, ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боласи бор аёлларга ҳар йили уч иш кунидан кам бўлмаган муддат билан ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилади.

Ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боласи бор аёлларга уларнинг хоҳишига кўра, ҳар йили ўн тўрт календар кундан кам бўлмаган муддат билан иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилади. Бундай таътил йиллик таътилга қўшиб берилиши ёки иш берувчи билан келишиб белгиланадиган даврда ундан алоҳида (тўлиқ ёхуд қисмларга бўлиб) фойдаланилиши мумкин.

Демак, меҳнат қонунчилигига асос ногирон фарзанлари бор бўлган оналарга нисбатан имтиёзлар боласи ўн олти ёшга тўлган кунигача қўлланилади.

Саволга Нурья БЕРДИНИЯЗОВА,
Хўжайли тумани адлия бўлими юридик хизмат
кўрсатиш маркази бошлиғи жавоб берди.

“Disability Rights” – Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқи Махсус тўплами телеграм каналига аъзо бўлинг

© P.S.: Ғоя муаллифи: Саламат Авезов.
Болалигидан II-гуруҳ ногирони «ДЦП – (Детский Церебральный Паралич) – БЦФ – Болалар Церебрал Фалажи)» ташхиси.