Юртимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя  қилишни кучайтиришга, айниқса, ногиронлиги бўлган фуқароларга ҳаётда кенг имконият ва шароитлар яратишга эътибор кучаймоқда. Бу имконияти чекланган фуқароларга ҳам жамият ҳаётида фаол иштирок этиши, имкон даражасида фойдали меҳнат билан шуғулланиб, оиласи иқтисодини яхшилашига шароит яратади.

Дунёга ҳамма ҳам жисмонан тўкис бўлиб келавермайди. Бироқ жисмида нуқсони бўлса-да, ақл-заковати, ҳаётий қарашлари, интилишлари туфайли кўпчиликнинг ҳурматини қозонаётган ёшлар кўп атрофимизда.

Манғит шаҳрининг Дўстлик маҳалласида истиқомат қилувчи Равшанбек Ўрозимбетов шуларнинг бири. У 2000 йилда туғилган, механизатор Фарҳод Тангирберганов ва Нилуфар Худойбергановалар оиласида иккинчи ўғил. Ота-она унга кўзларининг кўриш қобилиятида туғма нуқсони бўлгани учун Равшанбек деб исм қўйишган бўлса ажаб эмас.

Табиатан зеҳнли, қизиқувчан бўлиб улғайган Равшанбек тенгдошларидан қолишмай, илм олишга интилди. У тўртинчи синфни тамомлаганида эҳтиёжига кўра, Нукусдаги кўзи ожизлар интернатига бориб ўқишига тўғри келди. Бу ердаги устозлар сабоғи, ҳаётий ўгит-насиҳатлари, меҳр-муҳаббати уни ҳаётда нолимасдан, имкониятига яраша интилиб яшашга ўргатди, интернатда 10-синфни тугатгач, Тошкентдаги ахборот-технологиялари коллежида ўқишни давом эттирди.

Равшанбек Нукусда, Тошкентда ўқиган даврларида бўш вақтларида спорт билан шуғулланиб, шашка тури бўйича нуфузли мусобақаларда қатнашди ва қобилиятини намойиш этди. Эришган ютуқлари доимо унингкўнглини кўтаради ва олға интилишга ундайди.

Ўрта махсус маълумотли дастурчи ихтисослигига эга йигит соҳаси бўйича ишлашга имконияти етмаётган бўлса-да, ота-онасининг қўлига қараб ўтиргиси келмайди. Шунинг учун ҳам ҳовлиси томорқасига ўзи қарайди, мевали дарахтларни парваришлайди.

Жорий йил кўкламида у Дўстлик маҳалласи ёшлар етакчиси Дилмурод Ёдгоровнинг кўмаги билан 30 йиллик ижара шартномаси асосида 39 сотих ер олди. Ушбу ерда такрорий экин сифатида экилган мош, оиласи чорвасига озуқа учун экилган жўхори экинлари бир текис кўкариб, қарич бўйи келиб қолган, 10 сотихча жойини яна буғдой экишга тайёрлаяпти.

– Кундузи қуёшда кўзим қамашади, юришга қийналаман. Шунинг учун экинларга тонгда, кечқурун қарайман, – дейди Равшанбек.

У жорий йил “Беш ташаббус паралимпиадаси” биринчи мавсум мусобақаларида спортнинг шашка тури бўйича иштирок этиб, туман босқичи ғолиби бўлди ва диплом, медаль, совғалар билан тақдирланди.

Маҳалла ёшлар етакчиси Дилмурод Ёдгоров Равшанбек, у каби маҳалладаги ногиронлиги бўлган 10 нафар ёшлардан тез-тез хабар олиб, муаммоларини тинглашга, уларнинг турмуш шароитларини яхшилашга ҳаракат қилаётгани уни янада интилишга, ўз устида ишлашга чорлайверади.

Айни кунда 23 ёшни қарши олаётган Равшанбек Ўрозимбетовнинг келажаги порлоқ эканига ишонгимиз келади.

Ойгул РАЖАБОВА.

Манба: Amunews.uz