Эҳтиёжмандлар, якка-ёлғизлар ва ногиронлиги бўлган инсонларни қўллаб-қувватлаш давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Бу борада Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими фуқаролик жамиятини ривожлантириш соҳасида, уюшма аъзолари ва давлат органлари ўртасида ижтимоий шерикликни йўлга қўйишга кўмаклашиш, ногиронлиги бўлган шахсларга ўз ҳуқуқларини амалга ошириш имконини берувчи шарт-шароитларни яратиш борасида кўплаб ишларни амалга оширмоқда.
Ўзбекистон Ногиронлар ассоциациясининг Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли тумани ҳудудий бўлинмаси “Инклюзив инфратузилма яратиш” лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан молиялаштириладиган грант ғолиби бўлган эди. Ушбу грант ўз олдига аниқ мақсадларни амалга оширишни мўлжал қилди. Яъни лойиҳа тунги ёритиш чироқларини ўрнатиш орқали аҳоли, айниқса, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун хавфсиз ҳамда қулай муҳит яратишни мақсад қилиб қўйди.
Ҳозирга қадар лойиҳа доирасида Хўжайли тумани “Қирқинчи” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 10 та кўчага 93 дона қуёш панелли кўча ёритиш чироғини ўрнатиш ишлари амалга оширилди.
– Бу ташаббус аҳолининг кундалик турмушини янада қулай қилиш, кечки ва тунги пайтларда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, йўлларда ҳаракатланишни енгиллаштиришдан иборат. Келгусида маҳалла аҳолиси кечқурун ҳам бемалол сайр қилиши, болалар ўйин майдончаларидан фойдаланиши ва оилалар тинч дам олиши мумкин бўлади. Шу билан бирга, тунги ёритиш тизимининг ўрнатилиши натижасида жиноятчиликнинг олдини олиш, йўл-транспорт хавфсизлигини кучайтириш, ногиронлиги бўлган шахслар, ёшлар ва аёллар учун янада хавфсиз муҳит яратиш имконияти юзага келади.
– Ушбу лойиҳа нафақат маҳалла аҳолиси учун қулайлик яратади, балки шаҳар ҳудудининг замонавий гўзал қиёфасини шакллантириш, инклюзив инфратузилмани ривожлантириш ва фуқароларнинг турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилади, – дейди Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли тумани ҳудудий бўлинмасининг раиси Жулдиз Ешимова.
Ўзбекистон Ногиронлар ассоциациясининг ҳудудий бўлинмаси томонидан илгари сурилган ушбу ташаббус нафақат ногиронлиги бўлган шахслар учун, балки ҳар бир фуқаро учун муҳим аҳамият касб этади.
Жаббар НАРБАЕВ,
Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими раиси.
Манба: “IMKONIYAT” №20 son (44) 2025 yil 30 oktyabr

Отправить комментарий
Отправить комментарий