1. Савол:  Оилавий келишмовчиликлар туфайли ажрашишга қарор қилдим. Лекин, аёлим хомиладорлигини айтияпди. Бу ҳолатда ажримнинг қонуний тартиби қандай бўлади?



Жавоб: Оила кодексининг 39-моддасига кўра, хотинининг ҳомиладорлик вақтида ва бола тўғилганидан кейин бир йил мобайнида эр хотинининг розилигисиз никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга ҳақли эмаслиги белгиланган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2011 йил 20 июлдаги 06-сонли «Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида»ги қарорининг 6-бандига кўра, гарчи у туғилиш тўғрисидаги ёзувлар дафтарида боланинг отаси сифатида ёзилмаган бўлса ҳам, ҳақли эмаслиги, мазкур қоида бола ўлик тўғилган ёки бир ёшга тўлмай вафот этган ҳолларга ҳам татбиқ этилиши кўрсатилган.

Хотиннинг никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга розилиги бўлмаган ҳолларда, судья даъво аризасини қабул қилишни рад этади, агар у қабул қилинган бўлса, суд ФПК 122-моддасининг 8-бандига асосан аризани кўрмасдан қолдиради. Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза хотиннинг розилиги билан қўзғатилган ишни суд мажлисида кўриш вақтида у никоҳдан ажратишга эътироз билдирганда, шунингдек жавобгарнинг ҳомиладорлиги ва унинг никоҳдан ажратишга розилиги йўқлиги ишни апелляция ёки кассация инстанциясида кўриш вақтида маълум бўлганда кўрмасдан қолдирилиши лозим.

Никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво аризасининг кўрмасдан қолдирилиши, агар Оила кодексининг 39-моддасида кўрсатилган ҳолатлар барҳам топган бўлса, такрорий равишда судга никоҳдан ажратиш ҳақида даъво аризаси билан мурожаат қилишга тўсқинлик қилмайди.

Шуни назарда тутиш лозимки, Оила кодексининг 39-моддасида кўрсатилган ҳолатлар мавжудлиги никоҳдан ажратиш тўғрисидаги даъво хотин томонидан қўзғатилишига тўсқинлик қилмайди.

2. Савол: Менинг қизим ҳозирда Қозоғистон Республикасига ўқишга кирди. Эндиликда ўзининг фамилиясини ўзгартиришни ҳоқлаябди, яъни онасининг фамилиясига ўтмоқчи. Бунинг тартиби қандай бўлади, тушунтирсангиз?

Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги 387-сонли қарори билан тасдиқланган «Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш қоидалари»нинг 149-бандига мувофиқ, фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш ҳақидаги ариза ариза берувчи 16 ёшга тўлгач турар жойдаги ФҲДЁ органи томонидан кўриб чиқилади. Ушбу қоидаларга кўра берилган ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар тегишли тартибда ФҲДЁда расмийлаштирилади. Шундан сўнг ФҲДЁ бўлими мудири тақдим этилган ҳужжатлар асосида, зарур ҳолларда эса бошқа ФҲДЁ органларидан ўзининг талаби бўйича керакли далолатнома ёзувлари нусхаларини «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизими орқали олади ва тегишли текширув ўтказиш учун ички ишлар органига «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизими орқали сўровнома жўнатади. Ички ишлар органи тақдим қилинган ҳужжатларни 20 кун мобайнида ўрганиб чиқади, ариза берувчининг фамилияси, исми, ота исмини ўзгартириш хусусида асосланган хулоса тузади ва уни ФҲДЁ органига ахборот тизими орқали тақдим этади.

Агар ариза берувчининг фамилияси, исми, ота исмининг ўзгартирилиши мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида хулоса тузилган тақдирда ушбу ҳолатнинг аниқ сабаблари кўрсатилади. ФҲДЁ органи хабарномага биноан далолатнома ёзувига тегишли ўзгартиришлар киритади ва далолатнома ёзувини «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизими орқали тасдиқлайди, шунингдек далолатнома ёзувининг иккинчи нусхасига ана шундай ўзгартиришларни киритиш учун адлия бошқармасининг идоравий ФҲДЁ архивига «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизими орқали хабарнома юборади, далолатнома ёзуви бир нусхада қайд этилган ҳолатлар бундан мустасно. Бунда, фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш ҳақидаги аризани қабул қилган ФҲДЁ органи янги гувоҳнома чоп этиб беради.

Шунингдек,16 ёшга тўлган шахслар томонидан фамилияси, исми, ота исми ўзгартирилган барча ҳолларда ўзгартириш фақат тўғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувининг «бола тўғрисида маълумотлар» устунига киритилади. Ота-она тўғрисидаги маълумотлар ўзгаришсиз қолдирилади.

3. Савол:  Қандай ҳолларда никоҳни қайд етишдаги 1 ойлик муддат қўлланилмайди?

Жавоб: Оила кодексининг 13-моддасига кўра, никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади. Никоҳ тузиш никоҳланувчиларнинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларига ариза берганларидан кейин бир ой ўтгач, шахсан уларнинг иштирокида амалга оширилади.

Узрли сабаблар бўлганда фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи бир ой ўтгунга қадар никоҳ тузишга рухсат бериши мумкин. Алоҳида ҳоллар (ҳомиладорлик, бола туғилиши, бир тарафнинг касаллиги ва бошқалар)да никоҳ ариза берилган куни тузилиши мумкин.

А.Низанова,
Нукус шаҳар ФҲДЁ бўлими инспектори.