Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ва кўнгилли ёшлар ташаббуси асосида Янги йил байрами муносабати билан хайрия акцияси ташкил қилинди.

Мазкур кўргазма-ярмаркада O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Сағиндиқ Турманов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси Шарапат Отемисов ва бошқалар Янги йил билан барчани табриклаб, мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, айниқса, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида бу борада самарали тизимни шакллантириш, ногиронлиги бўлган муҳтож шахсларни реабилитация хизматлари билан тўлиқ қамраб олиш юзасидан амалга ошираётган ишларни алоҳида таъкидлашди.

Ярмаркада асосан “Ўзбекистон махсус олимпиадаси” жамоат бирлашмаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими аъзолари, имконияти чекланган инсонлар томонидан қўл меҳнати орқали ишланган турли буюмлар сотувга чиқарилди. Бундан тушган пуллар эса ногиронлиги борларнинг саломатлигига фойдали машғулотлар билан шуғулланишии учун спорт инвентарларини харид қилишга сарфланади.

Хайрия акциясида ногиронлиги бор инсонларга қандай қилиб ёрдам кўрсатиш бўйича тақдимот, имконияти чекланганига қарамасдан қўл меҳнати билан шуғулланаётганлар томонидан концерт дастури, ҳунарманд ва рассомларнинг маҳорат дарслари ўтказилди.

– Тадбиркорлик билан шуғулланиш учун ҳаммада имконият бор, – дейди кўнгилли ёшлардан бири, илм-фан ва таълим-тарбияни ривожлантиришга ихтисослашган “Ziyo Forum” фонди мутахассиси Гулнора Жолдасбаева. – Бугунги ярмаркадан олдимизга қўйган мақсадимиз имконияти чекланган ёшларни бизнесга ўргатишдир. Улар қўл меҳнат билан тайёрлаган маҳсулоти орқали даромад топиб, жамиятнинг фаол қатламига қўшилишини истаймиз.

Ярмарка давомида энг фаол қатнашган кўнгилли ёшларга партиянинг Ташаккурномалари топширилди.

Клара ХУДАЙБЕРГЕНОВА,
O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши бўлим мудири.

Манба: “XXI ASR” газетаси №2 11.01.2024 йил