Инклюзив ҳуқуқий маданиятни шакллантириш давлат сиёсатининг бош омилларидан биридир. Ногиронлиги бўлган шахслар ва уларнинг ота-оналари ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларнинг қонуний манфаатлари ҳамда ижтимоий хизматлардан тенг фойдаланиш ҳуқуқларини кафолатлаш, шунингдек, жамиятда ўз ўринларини топишда амалий кўмак бериш мақсадида Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими томонидан БМТ Тараққиёт дастури (ПРООН) молиявий кўмагида “Оролбўйи ҳудудида инклюзив ҳуқуқий маданиятни юксалтириш” грант лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Грант лойиҳасининг мақсади Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳри ҳамда Мўйноқ, Қўнғирот, Қораўзак, Чимбой, Хўжайли, Амударё ва Нукус туманларида истиқомат қилувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар, хусусан, 4 та тоифадаги (жисмоний, кўриш, эшитиш ва ақлий нуқсони бўлган) ногиронлиги бор шахслар, аёллар ва ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда уларга замонавий рақамли технологиялар ва профессионал ҳамкорлик орқали малакали бирламчи юридик ёрдам кўрсатиш тизимини яратишдир. Бунда уларнинг ҳуқуқларини тушунарли ва қулай шаклларда — замонавий рақамли ечимлар (барча учун онлайн ҳуқуқий маслаҳатлар, масофавий юридик ёрдам, рақамли платформа орқали мурожаат, маълумотлар базаси ва сурдотаржима, видео ва аудиоформатлардаги онлайн ресурслар) ҳамда семинар-тренинглар орқали етказиш кўзда тутилган.
Лойиҳа доирасида Қўнғирот, Хўжайли ва Нукус туманларидаги «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари, Ўзбекистон Ҳакамлик судлари ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси филиали ҳамда Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими ва бўлинмалари масъул ходимлари ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, реабилитация, протезлаш, ногиронликни электрон белгилаш, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Саховат ва кўмак” ҳамда санаторийларга навбатга туриш ва йўлланма олиш тартиби бўйича my.gov.uz (Ягона интерактив давлат хизматлари портали) ёки унинг мобил иловаси, туманлардаги Давлат хизматлари маркази (ДХМ) ёки яшаш ҳудудидаги «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига шахсан борган ҳолда ариза билан мурожаат қилиш кераклигини таъкидладилар.
Семинар-тренинг давомида иштирокчилар мутахассисларимиздан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Шунингдек, оилада инклюзив ҳуқуқий маданият муҳитини шакллантириш, ҳуқуқий онг ва мулоқот маданиятини ривожлантириш ҳамда ариза, шикоят ва бошқа мурожаатларни юқори турувчи органга қандай тартибда йўллаш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Инклюзив ҳуқуқий маданият – бу фақатгина бир тоифадаги инсонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш дегани эмас. Бу бутун жамиятнинг маънавий камолоти ва инсонпарварлик даражасини кўрсатувчи кўзгудир.
Саламат Авезов,
Ўзбекистон Ногиронлар Ассоциацияси
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими мутахассиси.






Отправить комментарий
Отправить комментарий