– Менга 2007 йили II гуруҳ ногиронлигини умрбод беришган. Айтингчи, ТИЭК маълумотномасида меҳнатга лаёқатсиз деган ёзувни ўзгартириш мумкинми?

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 08.02.2022 йилдаги 62-сонли қарорига кўра, инсон ҳаёт фаолияти асосий турлари чекланишининг намоён бўлиши учта даражага ажратилади:

меҳнат фаолияти билан шуғулланиш лаёқати – ишларни бажариш мазмуни, ҳажми, сифати ва шартларига қўйиладиган талабларга мувофиқ меҳнат фаолиятини амалга ошириш лаёқати:

– I даража – малака, оғирлик, кескинлик пасайган ва (ёки) иш ҳажми камайганда меҳнатнинг одатдаги шароитларида меҳнат фаолиятини бажариш лаёқати, меҳнатнинг одатдаги шароитларида паст малакали меҳнат фаолиятини бажариш имкони сақланиб қолган ҳолда асосий касбда ишни давом эттириш;

– II даража – махсус ташкил этилган меҳнат шароитларида тавсия этилаётган касбларда меҳнат фаолиятини бажариш лаёқати;

– III даража – меҳнат фаолияти билан шуғулланиш тақиқланади.

Бундай ҳолатларда ногиронлик гуруҳи I ёки II бўлишидан қатъи назар, уларда III даражада – меҳнат фаолияти билан шуғулланиш тақиқланади.

Ногиронлик навбатдаги қайта кўрикдан ўтказиш тайинланган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунигача белгиланади.

Кўрсатиб ўтилган муддатлардан олдин қайта кўрикдан ўтказиш белгиланган тартибда, ногиронлиги бўлган шахс соғлиғининг ҳолати ва ҳаёт фаолиятининг чекланганлик даражаси ўзгарганда, ногиронликни белгилашнинг тўғрилиги Бош ТИЭК ёки Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси томонидан назорат функцияларини бажариш жараёнида, ТИЭК хулосаларининг асоссизлиги ҳолатлари аниқланганда, шунингдек, агар ТИЭК хулосаси сохта ҳужжатлар асосида чиқарилганда ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолатларда амалга оширилади.

Ногиронлиги муддатсиз деб топилган ногиронлиги бўлган шахслар ҳам юқорида кўрсатиб ўтилган ҳолатларда қайта кўрикдан ўтказилиши мумкин.

Касбий меҳнат лаёқатининг йўқотилиши даражасини белгилаш мақсадида қайта кўрикдан ўтказишда қуйидагилар ҳисобга олинади:

– соғлиқнинг меҳнатда майибланиш ёки касб касаллиги оқибатида бузилиши;

– амалга оширилган реабилитация тадбирлари, ўқитиш ёки қайта ўқитиш натижасида олинган касб-ҳунар бўйича ишларни бажариш имконияти;

– шахснинг меҳнатда майибланиши ёки касб касаллигидан олдинги касбий фаолиятини бажариш лаёқати.

Саволга Амангул АЛЛДАМУРАТОВА,
“Мадад” ННТнинг Қорақалпоғистон Республикаси
Нукус шаҳар ҳуқуқий маслаҳат бюроси
бош мутахассиси жавоб берди.

“Disability Rights” – Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқи Махсус тўплами телеграм каналига аъзо бўлинг

© P.S.: Ғоя муаллифи: Саламат Авезов.
Болалигидан II-гуруҳ ногирони «ДЦП – (Детский Церебралный Паралич) – БЦФ – Болалар Церебрал Фалажи)» ташхиси.