Сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини давлат томонидан кўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш борасида кенг миқёсли ишлар амалга оширилди. Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий кўллаб-қувватлашни кучайтириш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлашда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Бугун биз билан елкама-елка яшаётган жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган инсонларни ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бунда уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, бундай шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш учун барча куч ва имкониятлар сафарбар этилмоқда. Қорақалпоғистон Республикасидаги Чимбой "Мурувват" ногиронлар учун эркаклар интернат уйи Ўзбекистон Рес-публикасида доимий яшайдиган, руҳиятида сезиларли ёки анча сезиларли нуқсонлар бор бўлган, 18 ёшдан бошлаб  I ва II гуруҳ эркак ногиронлиги бўлганлар учун давлат тиббий-ижтимоий муассасаларидан бири ҳисобланади. Ана шундай ногиронлиги бўлган шахслар қабул қилиниб, давлат таъминотига олинади.

Мазкур "Мурувват" уйи халқимиз учун 50 йилдан буён хизмат қилиб келмоқда. Унинг биноси 1974 йилда 210 ўринга мўлжаллаб қурилган эди. Интернатда 2014-2015 йилларда ҳомийлик ёрдами билан мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Бугунги кунда замон талабларига мос савиядаги 225 ўринга мўлжалланган ётоқхоналар, ошхона, омборхона, ҳаммом, кир ювиш хонаси қайта таъмирланди. Бу даргоҳда ҳозирги пайтда 275 нафар ўзгалар парваришига муҳтож 26 нафар I гуруҳ ва 249 нафар II гуруҳ ногиронлиги бўлган инсонлар яшаб даволаниб келмоқдалар.

"Мурувват" интернат уйимизда васийликка олинганларга дастлабки тиббий ёрдам кўрсатилади, улар йилига икки маротаба ҳудудий поликлиника, марказий шифохона ва диспансерларнинг юқори малакали мутахассисларини жалб этган ҳолда бепул диспансер кўриги-дан ўтказилмоқда.

Бизнинг интернатда спорт ишларига соғломлаштиришнинг муҳим воситаси сифатида ёндошилади. Бу даргоҳда 2 дона теннис стули, 2 та тренажёр, 2 та велотренажёр, 2 та югуриш велотренажёри, битта баскетбол шчити ускуналари мавжуд. Футбол майдончасига сунъий қоплама тўшалди. Спорт майдончаси ҳар доим фойдаланувчилар учун гавжум бўлади. Шунингдек, интернатимизда мусиқа тўгараги ҳам ишлаб турибди. Бунинг учун барча мусиқа асбоблари харид қилинган.

"Мурувват" уйимизда ташкил қилинган тўгараклар кўпчиликнинг вақтларини мазмунли ўтказиш билан биргаликда уларнинг турли ҳунарларни эгаллашларига ҳам ёрдам беради. Ҳунармандлар тўгарагига сават ва паласлар тўқиш ишларига қизиқувчилар қатнашиб келмоқдалар.

Интернатимизда истиқомат қиладиган инсонлар бўш пайтларида меҳнат терапияси билан ҳам машғул бўладилар. Очиқ ҳавода фойдали меҳнат билан шуғулланиш кўпчиликнинг вақтини мазмунли ўтказиш билан биргаликда уларнинг саломатлигини яхшилашга ҳам хизмат қилади. Чимбой "Мурувват" уйида ёрдамчи хўжалик ташкил этилган. Ҳудудимиздаги 2 гектар ер майдонида боғ-роғларимиз бор. Шунингдек, 2 гектар ер майдонига полиз экинлари экиб келинмоқда.

Бундан ташқари, ҳомийлар кўмаги билан 108 кв м ҳажмида ер майдонига иссиқхона ва қушхона қурилди. Иссиқхонамизда ишлар ёзу қиш пайтларида бирдай давом этади. Шунинг учун ҳам дастурхонимизда қишда ҳам янги узилган мевалар, ошкўклар тайёр туради. Айниқса, қушлар билан шуғулланувилар учун жуда қизиқарли машғулотлар мавжуд. Қушхонамизда айни пайтда товус ва цицарка парваришланмоқда. Шунингдек, 8 турдаги маҳаллий қушлар боқилмоқда.

"Мурувват" уйимизда парвариш қилинаётган инсонларга яратилган шарт-шароитлар ҳақида гапирадиган бўлсак, шуни айтиш керакки, бу даргоҳда истиқомат қилиб келаётган 275 нафар ҳамюртларимизга 200 нафарга яқин турли тоифадаги мутахассис ва хизматчилар меҳрибонлик қиладилар. Бундай олиб қараганингизда, қарийб ҳар битта ногиронлиги бўлган инсонларга биттадан хизматчи тўғри келмоқда. Бу эса давлатимизнинг инсонпарварлик сиёсатидан, мамлакатимизда инсон қадри қанчалик эъзозда эканидан далолатдир. Бошқача айтганда, бизнинг интернатимизда 10 нафар врач, 38 нафар ҳамшира, 84 нафар энага, 15 нафар ошхона ходимлари, 37 нафар хўжалик ишларини юритувчилар хизмат қилади.

Ногиронлиги бўлган инсонларни қўллаб-қувватлаш борасида кейинги пайтларда яна ҳам муҳим тартиб тамойиллар ўрнатилди ва бу нормалар Асосий қонунимизда акс этди. Биз эндиликда ижтимоий давлатда яшар эканмиз, "Мурувват" уйларида кўрсатиладиган хизматлар савияси янада юқорига кўтарилиши, бу даргоҳда парваришланаётган ҳар бир инсон яратилаётган имтиёзлардан баҳраманд бўлиб, муносиб тарзда яшаши ва даволаниши керак.

Б.ДАВЛЕТМУРАТОВ,
Чимбой "Мурувват" ногирон эркаклар учун интернат уйи директори.

Манба: “IMKONIYAT” №2 son 2024 yil 27 yanvar