– Мен II гуруҳ ногирониман ва номимга расмийлаштирилган давлат томонидан берилган уй бор. Агар паспортдаги исм фамилиямни ўзгартирсам ногиронлик гуруҳ ҳужжатларим ва номимдаги уйни ҳам ҳужжатларини ўзгартиришим зарур бўладими?

– Фуқаролик кодексининг 19-моддасига мувофиқ, агар қонундан ёки миллий одатдан бошқача тартиб келиб чиқмаса, фуқаро ўз фамилияси ва номидан, шунингдек отасининг исми билан ҳуқуқ ва бурчларга эга бўлади ҳамда уларни амалга оширади.

Қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда фуқаро тахаллусдан (тўқилган исмдан) фойдаланиши мумкин.

Фуқаро қонунда белгиланган тартибда ўз исмини ўзгартиришга ҳақли. Фуқаронинг ўз исмини ўзгартириши аввалги исми билан олган ҳуқуқ ва бурчларини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асос бўлмайди.

Фуқаро ўз исмини ўзгартирганлиги ҳақида қарздорлари ва кредиторларига хабар бериш учун зарур чораларни кўриши шарт ва у мазкур шахсларда фуқаронинг исми ўзгарганлиги ҳақида маълумот йўқлиги туфайли келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатлар хавфини ўз зиммасига олади.

Исмини ўзгартирган фуқаро ўзининг аввалги исмига расмийлаштирилган ҳужжатларга ўз ҳисобидан тегишли ўзгартиришлар киритилишини талаб қилишга ҳақли.

Фуқаро туғилган вақтида олган исмини, шунингдек ўзгартирилган исмини фуқаролик ҳолати ҳужжатларини қайд этиш учун белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиши керак.

Саволга Амангул АЛЛДАМУРАТОВА,
“Мадад” ННТнинг Қорақалпоғистон Республикаси
Нукус шаҳар ҳуқуқий маслаҳат бюроси
бош мутахассиси жавоб берди.

“Disability Rights” – Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқи Махсус тўплами телеграм каналига аъзо бўлинг

© P.S.: Ғоя муаллифи: Саламат Авезов.
Болалигидан II-гуруҳ ногирони «ДЦП – (Детский Церебралный Паралич) – БЦФ – Болалар Церебрал Фалажи)» ташхиси.