Бизнинг асосий вазифамиз ногиронлиги бўлган инсонларни моддий, маънавий қўллаб-кувватлаш. Бундай савобли ва масъулиятли вазифани айни ижтимоий давлатда бажариш ҳар бир ходимдан бир олам меҳр ва эътиборни, кенг кўламли ташкилотчилик ишларини амалга оширишни талаб этади.
Биз биринчидан ногиронлиги бўлганларга хизмат кўрсатиш ишига ҳар бир вилоят ва тумандаги маъмурий ташкилотлар, яъни ҳокимликлар билан биргаликда барча жамоатчилик ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларини, маҳалла фаолларини жалб этишимиз зарур бўлади.
Мамлакатимизда тараққиёт изига тушиб, фуқаролик жамияти шакллана боргани сайин атрофдаги ҳамюртларимизнинг, айниқса, тадбиркорлар ва раҳбар ходимларнинг ногиронлиги бўлган инсонларга муносабати ҳам ўзгариб бормоқда. Шу боис, бизга бугунги кунда ишлаб чиқариш фаолиятлари юриша бошлаган тадбиркорларнинг ўзлари мурожаат этмоқдалар. Улар биз билан ҳамкорлик қилишни виждон иши сифатида баҳолайдилар. Шунинг учун атрофимизда ҳомийлар гуруҳи шакллана бошлайди.
Ўзбекистон Ногиронлар жамияти Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими ва бўлинмаларида ҳар доим қизиқарли мулоқотлар, учрашувлар ўтказиб турилади. Бу йилги тадбирларимизни Янги йил тантаналарини ташкил этишдан бошладик. Нукус шаҳридаги "Дўстлик уйи"га бўлимимизга аъзо ҳисобланган жисмоний имконияти чекланган болалар ва уларнинг ота-оналари тўпландилар. Ушбу даврада Янги йил табриклари билан биргаликда ўтган йилда эришилган ютуклар ва ногиронлиги бўлган инсонларга давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликлар тўғрисида, инклюзив таълим борасида эришилган муваффақиятлар ҳақида гапирилди. Арча атрофида ўйин-кулгулар авжига чикди.
Тадбир сўнггида болажонларга Янги йил совғалари улашилди. Ўзбекистон ногиронлар жамияти вилоят бўлими ва туман бўлинмаларининг ҳар бир куни турли-туман тадбирлар, ҳаяжонли учрашувлар ва давра суҳбатлари билан кечади. 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни ҳам барча туманларимизда муносиб нишонланди. Жумладан, Амударё туманида байналминалчи жангчилар иштирокида “Ватан севгиси – иймон белгиси” деб номланган тадбир бўлиб ўтди.
Бу йиғилишда иштирок этган туман ҳокими ўринбосари Г.Сабурова, туман ҳокимлигининг масъул ходими М.Шеримбетов, туман байналминалчилар жамияти раиси Б.Жуманиязов, Чордара МФЙ раиси Т.Серикбаев ва байналминалчилар А.Хўжаниязов, Б.Қўчқаров, X.Сапарбаев, А.Қушаевлар ўзларининг Ватан туйғуси, ўз элига муҳаббат ва садоқат ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан ўртоклашдилар.
Давра суҳбати ҳаяжонли хотираларга бой бўлди. Унда иштирок этган жисмоний имконияти чекланган ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга керакли жавоб олдилар.
Парчагул ДАУЛЕТЯРОВА,
ЎзНЖ Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими раиси.
Манба: “QADRIYAT” №2 son (1264) 2024 yil 20 yanvar
Отправить комментарий
Отправить комментарий