Янги йил байрами арафасида Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлимида ўтган йил давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, 2022-2026 йил учун режалаштирилган 5 йиллик стратегияси ва келгусидаги устувор вазифалар муқокама қилинди ва истиқболдаги режалар белгилаб олинди.

Йиғилишда Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими раиси Жаббар Нарбаев ўтган йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг "Иродали ва чевар қизлар" лойиҳаси бўйича грантини ютганлигини, натижада, тикиш бўйича курслар ташкил қилинганлиги, 66 нафар ҳунарсиз аёллар ўқитилганлигини, 13 нафар курс битирувчилари субсидиялар ёрдамида тикув машинаси олиб, ўз рўзғорларини тебратаётганлиги ва 9 нафар битирган қизлар тадбиркорлик билан шуғулланаётганлигини таъкидлади. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги билан ҳамкорликда иш юритиб, "Инклюзив тадбиркорликка тайёрлаш" лойиҳаси бўйича 63 нафар ногиронлиги бўлган фуқароларни тадбиркорлик йўналиши ва ҳуқуқий саводхонлик бўйича ўқитилганлигини ҳам айтиб ўтди. Яна раис ўтган йилда ногиронлиги бўлган инсонларни қўллаб-қувватлаш бўйича битта чет эл, иккита маҳаллий грантлар асосидаги лойиҳалар амалга оширилганлигини катта ҳис-ҳаёжон билан гапирди. Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида семинарлар ва Шаҳарсозликда ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжларини таъминлаш ҳамда барча ижтимоий инфратузилма объектларини улардан монеликсиз фойдаланиш учун мослаштириш тўғрисидаги мавжуд қонунчиликка биноан қурилиш мутасаддилари билан ҳамкорликда мониторинг ўтказилганлигини ҳам таъкидлади.

Тадбирда сўзга чиққан бўлим аъзолари ҳам эришилган ютуқ ва камчиликлар ҳақида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришди. Улар жорий йилда амалга оширадиган ишлари хусусида ҳам йиғилиш иштирокчилари билан ўртоқлашишди.

Мажлис якунида Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими Фуқаролик ташаббусларни қўллаб-қувватлаш маркази Қорақалпоғистон ҳудудий бўлими билан ҳамкорлик меморандуми ҳам имзоланди. Бир сўз билан айтганда, йиғилишда ҳудудий бўлимга қабул қилинган янги аъзолар ва 2023 йилда ҳар томонлама фаоллик кўрсатган нодавлат нотижорат ташкилотлар раҳбарларига ташаккур изҳор этилиб, гувоҳномалар топширилди.

Муштарий ТЎЙЧИЕВА.

Манба: “IMKONIYAT” №1 son 2024 yil 13 yanvar