– Мен II гуруҳ ногирониман, бувим вафот этдилар васият бўйича турар жой мерос қолдирган эканлар 4 нафар фарзандларига шу меросхўрлар орасида отам борлар мерос очилганга қадар вафот этдилар. Мерос фарзандларга мен ва яна 5 нафар фарзандларига ўтди. Суд қарори бўйича мерос улушларга бўлинди, мен ногиронлигим сабаб мажбурий улиш олишга ҳақлиманми?

– Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1140-1-моддасига мувофиқ, агар васиятнома бўйича ёки қонун бўйича ворисликка чақирилган меросхўр мерос очилганидан кейин уни қабул қилиб олишга улгурмасдан вафот этган бўлса, унга тегиши керак бўлган меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг қонун бўйича меросхўрларига, агар барча мерос мол-мулк васият қилинган бўлса, унинг васият бўйича меросхўрларига ўтади (мерос трансмиссияси). Мерос трансмиссияси тартибида меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи бундай меросхўрнинг вафотидан кейин очилган мерос таркибига кирмайди. Вафот этган меросхўрга тегишли меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг меросхўрлари томонидан умумий асосларда амалга оширилиши мумкин. Меросхўрнинг мероснинг бир қисмини мажбурий улуш сифатида қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг меросхўрларига ўтмаслиги белгиланган.

Мерос қолдирувчининг вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз болалари, шу жумладан фарзандликка олган болалари, шунингдек меҳнатга қобилиятсиз эри (хотини) ва ота-онаси, шу жумладан уни фарзандликка олганлар, васиятноманинг мазмунидан қатъи назар, қонун бўйича ворис бўлганларида улардан ҳар бирига тегиши лозим бўлган улушнинг камида ярмини (мажбурий улуш) мерос қилиб оладилар.

Мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўр бирон-бир асос бўйича меросдан оладиган ҳамма нарса, шу жумладан оддий уй жиҳозлари ва рўзғор буюмларидан иборат мол-мулкнинг қиймати ҳам, бундай меросхўр фойдасига қилинган васият мажбуриятининг қиймати ҳам мажбурий улушга қўшилади.

Меросдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўр учун васиятномада белгиланган ҳар қандай чеклашлар ва шартлар унга тегадиган мероснинг мажбурий улушдан ортиқча қисмига нисбатангина ҳақиқийдир.

Саволга Амангул АЛЛДАМУРАТОВА,
“Мадад” ННТнинг Қорақалпоғистон Республикаси
Нукус шаҳар ҳуқуқий маслаҳат бюроси
бош мутахассиси жавоб берди.

“Disability Rights” – Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқи Махсус тўплами телеграм каналига аъзо бўлинг

© P.S.: Ғоя муаллифи: Саламат Авезов.
Болалигидан II-гуруҳ ногирони «ДЦП – (Детский Церебралный Паралич) – БЦФ – Болалар Церебрал Фалажи)» ташхиси.