Инсоннинг ҳаёти бир зайилда текис ва сокин ўтмайди. Чунки ҳаёт сўқмоқлари ўнқир-чўнқир. Унинг хавф-хатар билан тўла ва ўтиш қийин жарликлари ҳам бўлиши мумкин. Шунинг учун турмуш йўлларидан синовларга чидаб маҳорат билан ўтган инсонларгина кўзлаган мақсадига етадилар ва бахт деган ноёб орзуга эришадилар.

Болаликнинг ширин эртакларига қулоқ тутган ҳолда дўстлари билан Чимбой туманининг кўчаларини тўлдириб, ўйнаб, соатлаб дарвозага футбол тепиб юрган Хўжаниязнинг ҳаётида кўнгилсиз воқеа рўй берди. Мудҳиш бир тасодиф туфайли бир қўлидан ажралиб, имконияти чекланиб қолди.

Бу сингари оғир синов йигитни дастлаб батамом довдиратиб қўйди. Яралар тузалиб, саломатлиги тиклана боргач, дўстлари уни яна давраларига таклиф қилдилар. Кейинги пайтда маҳалладошларнинг асосий ишлари спорт ва турли беллашувлар билан кечадиган бўлди. Вақт ўтиши билан Хўжаниязнинг турмуш тарзи ўзгарди. У ногиронлиги бўлса-да, саломатлиги тўлиқ изга тушган, ҳар бир куни изланишлар билан, қалби катта орзулар билан лиммо-лим эди.

У спортнинг эплаш имкони бўлган барча турлари билан шуғулланиб кўрди. Унинг учун энг қулай тур ядро улоқтириш бўлиб чикди. Хўжанияз Ерниязов устозлардан маслаҳат олиб, спортнинг шу тури билан жиддий шуғуллана бошлади.

Дастлабки натижалар Хўжанияз қалбида умид учқунларини алангалантирди. Шу боис, ўз устида мунтазам равишда ишлай бошлади. Устозлар тавсияси билан у Нукус олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказига мурожаат этди ва Енгил атлетика ва Ядро улоқтириш тури бўйича таҳсил ола бошлади.

Спорт марказига қатнаётган Хўжанияз бир неча дўсту биродарлар орттирди. Улар билан бугунги олимпия ва паралимпия жараёнларини муҳокама этди. Бугунги спортнинг келажаги қандай бўлиши-ни янада яхшироқ тушуниб олди. У олий таълим олиш ҳақида ўйлай бошлади. Университетга икки йил ҳужжаттопширди. Бироқомади юришмади. Бу каби муваффақиятсизликлар Хўжаниязни ҳафсаласини сўндирмади. У умид билан яшади ва спортни ўзининг ягона холоскори деб билди. Уйда ўтирганда компьютер саводхонлигини ўргана борди.

Ниҳоят, ўтган ўқув йилида Хўжанияз Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиалига ногиронлиги бўлган шахсларни қўшимча 2 фоизли давлат гранти квоталари асосида ўқишга қабул қилинди.

Ҳаётда шундай воқеалар бўладики, бир олам орзулари бўлса ҳам иши юришмаган, ўзини омадсиз деб тушкунлик кайфияти билан юрган инсон яхшилик томон биринчи қадам ташлаши билан тўсатдан унинг ишлари юришиб кетиши ҳам баъзан кузатилади. Университетда ўқишни бошлаши билан унинг дўстлари битта ишнинг дарагини топиб келишди. Натижада, Хўжанияз Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлимига компьютер мутахассиси бўлиб ишга жойлашди. Энди у ҳам ўқийди, ҳам ишлайди ва бўш вақгларида спорт билан шуғуллана бошлайди. Унинг кунлик графигида бир соат ҳам бўш вақт қолмайдиган бўлди. Буни қарангки, яна бир қувончли воқеа юз берди. X.Ерниязовга ёш оилалигини ҳисобга олган ҳолда 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни муносабати билан 2 хонали уй совға қилинди.

Бугун жисмоний имконияти чекланган бир инсон турмушимизнинг фаолларидан бирига айланди. Жамиятимизга тенгларнинг тенги сифатида қўшилди ва ўзининг оиласини тебрата бошлади. Биз X.Ерниязовнинг университетдаги ўқишлари ва спорт борасидаги ютуқлари билан қизикдик.

– Биринчи босқич талабалари орасида машғулотларимизнинг илк кунлариданоқ Х.Ерниязов ўзининг қобилияти билан эътиборни тортди, – дейди университет ўқитувчиси Тўлибай ака Арзибеков. – Унинг ядро улоқтириш борасидаги кўрсаткичлари мени ажаблантира бошлади. Шундан кейин унга алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини англадим. Бугун мутахассис сифатида шуни айтаманки, Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган 2024 йилдаги ёзги XVII паралимпия ўйинларига Хўжанияз албатта қатнашиши керак. У Халқаро беллашувда Ўзбекистонимизнинг манфаатларини ҳимоя қилади ва ғолиб бўлиб, албатта медаллар билан қайтади, деган умиддаман.

Ҳарқандай катта ишлар оддий орзудан бошланади. Биз бугун ортиқча тафсилотларни четга суриб кўйиб, ёзги паралимпия натижаларини кутамиз.

Сизга омад ёр бўлсин, Хўжанияз!

СаламатАВЕЗОВ,
ЎзНА Қорақалпоғистон Республикасиҳудудий бўлими мутахассиси.

Манба: “IMKONIYAT” №6 son 2024 yil 20 mart