Бизнинг орамизда тўрт мучаси соғ бўлмаса-да, қалбининг аллақандай тўрида кемтикликдан ўксиниш бўлса ҳам ҳаётга бир олам умид ва қувонч билан талпиниб, жамият учун, бошқа инсонлар учун фойдали ишлар қилиб, чинақам қаҳрамонлардек матонат билан яшаётган инсонлар бор.

Тошкент шаҳар ижтимоий ўзаро ёрдам "Меҳрибонлик" ногиронлар жамиятининг энг фаол аъзоси Феруза Шоджонова ана шундан инсонлардан бири. У ҳаётда яхши тарбия топди, ҳеч кимдан кам бўлмади. Дўстлари қатори яхши ўқиди, синфдош қизларининг жонкуяр дугонаси бўлди.

Жисмоний имконияти чеклангани туфайли уйда ўтириб қолган инсон ҳам бошқаларга керак бўлишни, кимдир уни қидириб келишни ва дилдан суҳбатлашишини қўмсаши турган гап. Ферузахон уйда ўтирса ҳам бекорчилик домига тушмади. Ҳунарга, чеварликка ихлос қўйди. Кейин ўзи сингари қўл меҳнати – тикиш ва тўқиш билан шуғулланадиган қизлар билан мулоқот қилишни хаёл қилди. Бундай учрашувлар беиз кетмайди. Кимдандир нимани ўргансанг, кимгадир ниманидир ўргатасан. Муҳими, дугоналар билан қилган ишларинг, яратган буюмларинг тўғрисида тўлиб-тошиб фикрлашасан.

Ферузани "Меҳрибонлик" ногиронлар жамияти шунинг учун ҳам ўзига тортди.

– "Меҳрибонлик" жамиятимизнинг асосий мақсади – жисмоний имконияти чекланган ёшларни бирлаштириш, уларни бирдамликка чорлаш, бир-бирилари билан дўстлаштириш ва ижодий фаолиятини янада ривожлантириш билан келажакка иштиёқларини оширишдан иборат, – дейди бу ташкилотнинг ташкилий ишлар бўйича мутахассиси Нодира Тиллаева. – Бизнинг даврамизга бутун Республикамиз бўйича ҳунармандлик билан шуғулланадиган Ферузага ўхшаган бирор яратувчилик ишлари билан шуғулланаётган ёшлар йиғиладилар. Бундай учрашувлар ҳам маҳорат дарслари ва келажакка биргаликда, қўлни-қўлга берган ҳолда интилиш борасидаги ҳамкорлик тадбирларидир.

Ферузахон илк ёшлариданоқ ўқиш билан биргаликда бадиий ижодга қизиқиб келади. У бир вақтлар ўзи учун модельер-дизайнер бўлишни мақсад қилиб қўйган эди. "Меҳрибонлик" жамиятидаги машғулотларга қатнаб у тўқиш ва майда мунчоқларни қадаб, чиройли гуллар тикиш – ҳунарини ўрганди.

Бугунги кунда Феруза болажонлар учун чиройли жемперлар, кундалик турмушда зарур бўладиган буюмларни тўқимоқда. Муҳими бу буюмлар нафис ва майда мунчоқлар билан қадалган гуллар билан безалмоқда. Масалан, калитлар солинадиган берлок ана шундай буюмлардан биридир.

Бугунги кунда Ф.Шоджонова ёш ҳунармандлардан бири. У томонидан тўқилган буюмлар ва бисер билан безалган санъат асарлари кўпчиликни ўзига жалб этмоқда.

– Болалигимдаги орзум қисман бўлсада, амалга ошди. "Меҳрибонлик" жамиятида тўқиш ва бисер қадашни ўргандим – дейди Феруза Шоджонова. – Ҳозирда тўқилган кофталарим, бисер санъатини қўллаган ҳолда яратган декоратив безакли берлокларимни, яъни санъат асарлари даражасига кўтарилган буюмларни тайёрлар эканман, иш тугаллангач, ундан завқланаман. Бу ҳолда ҳар сафар руҳим тетиклашгандек, жисмоний қувватим ошгандек бўлади. Ўз ҳунарим ва истеъдодим билан тенгдошларимдан ортда қолмай, ютуқ ва муваффақиятларга эришаётганим менинг қувончим, менинг бахтимдир. Ўзим аслида Нукус шаҳридан бўлганим учун интернет орқали ўзим тенги ногиронлиги бўлган дўстларим билан дилдан мулоқотда бўламан. Ижтимоий тармоққа "Бирга катта кучмиз" – деган шиор остида бирлашган истеъдодли ногиронлиги бўлган болалар ва йигит-қизлар даврасига, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи қошидаги "Имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази"нинг расмий мулоқот гуруҳига мен ҳам қўшилдим. Бу мулоқотлар бизга чеварлик санъати сирларини ўрганишга кўмаклашмоқда.

Тақдир тақозоси ҳисобланган ногиронлик юкини четга суриб, ҳар бир тонгни чеварлик санъати ютуқлари билан қаршилаётган, ўзининг замондошларининг ҳаёт тарзини гуллару нафис санъат омиллари билан безаётган Ферузахонни Халқаро хотин-қизлар байрами билан чин дилдан муборакбод этамиз, Унга сиҳат-саломатлик, куч-ғайрат, бисер ва тўқувчилик санъатини Нукус шаҳрида яна ҳам ривожлантиришга катта ҳисса қўшаверишини тилаймиз.

Саламат АВЕЗОВ,
Ўзбекистон Ногиронлар Ассоциацияси
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими мутахассиси.

Манба: “IMKONIYAT” №5 son 2024 yil 7 mart