Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги туризм қўмитаси ходимлари билан, Қорақалпоғистон Республикаси кўрилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси ва Ўзбекистон Ногиронлар жамияти Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими раиси Парчагул Даулетярова иштирокида фуқаролар гавжум бўлган темир йўл вокзали, аэропорт ва маданий мерос объектларида ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган қулайликлар ўрганилди.

Ушбу мониторинг ишлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 12 январьдаги "Ўзбекистон Республикасида тўсиқсиз туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва уни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-20-сонли қарорида кўзда тутилган талаблар асосида олиб борилди.

Маълумки, ушбу меъёрий ҳужжатда Республикада туризм инфратузилмасидаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш, соҳада тақдим этилаётган хизматлар сифатини ошириш ва жаҳон бозорларида миллий туризм маҳсулотларини фаол тарғиб қилиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилиши, шу билан бирга, ногиронлиги бўлган шахсларнинг туризм инфратузилмаси ва маданий мерос объектларида эркин ҳаракатланишлари учун зарур шарт-шароитларни таъминлаш ҳамда туризмда барча фуқаролар учун тенг имкониятлар яратишни назарда тутувчи тўсиқсиз туризм инфратузилмасини ривожлантириш кўзда тутилган.

Шунингдек, мазкур қарорнинг 5-банди билан меҳмонхоналар, туристик базалар ва мажмуалар, дам олиш уйлари ва зоналари,пансионатлар, мотеллар,санаторийлар ва бошқа туристик объектларда ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча қулайликларнинг яратилиши белгилаб берилган.

Мониторинг ўтказувчилар томонидан текширувлар ўтказилган ташкилотларнинг раҳбариятига тегишли маслаҳат ва тавсиялар берилди.

Содиқ НОСИРОВ.

Манба: “QADRIYAT” №5 son (1267) 2024 yil 7 mart