Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятда муносиб ўрин эгаллашига тўсиқсиз муҳит яратиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу борада қонуний асослар мустаҳкамланиб, қатор фармон ва қарор қабул қилинмоқда. Мақсад ҳаётий фаоллигини ошириш орқали ногиронлиги бўлган инсонларни умидсизлик ҳамда ишончсизлик кайфиятидан халос этиш, яшашга иштиёғини ошириш ҳамда бошқалар қатори жамиятда ўз ўринини эгаллашига яқиндан ёрдам беришдан иборат.

Маълумки, янги таҳрирдаги Конституциямиз мамлакатимизни ижтимоий давлат деб эълон қилди. Бахтимиз қомусининг кўпгина моддаларида ногиронлиги бўлган шахсларга қулайликлар шарт-шароитлар яратилди ва ҳуқуқлари берилди. Бизнинг Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишларига кенг имкониятлар яратилишига кўмаклашишга даъват этилган экан, биз республикамизда яшаётган ҳар бир эҳтиёжманд, айниқса ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳолидан хабар олиб, уларнинг ҳаётига жорий этилган имконият ва имтиёзларни аниқ ўйлантириб, бу билан яшаш шароиятини яхшилашига кўмаклашимиз лозим бўлади.

Биз, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги ижтимоий объектларда тўсиқсиз муҳит таъминлаш борасида саккизта жамоатчилик назорати ишларини амалга оширдик. Жорий йилнинг 25-май куни Хўжайли тумани автовокзалида, 3-июнь куни "Нукус Орқа автовокзали"да, 25-июнь куни Ёш томошабинлар театри, И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон санъати музейида, "Тошкент" меҳмонхонаси, Бердақ номидаги Қорақалпоғистон давлат академик мусиқали театри 28-июнь куни Қўнғирот тумани Маданият маркази ва автовокзалида жамоатчилик мониторинги олиб борилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди. Айтиш жоизки, Хўжайли туманидаги автовокзалида аниқланган камчиликлар ўша куннинг ўзида бартараф қилиниб, ногиронлиги бўлган шахслар учун барча шароитлар яратилишига эришилди.

Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида давлат ҳокимияти органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар ўртасида ижтимоий шерикчиликни шакллантириш ва ривожлантириш учун доимий равишда замон талаблари даражасида фикрлаб ишлаши учун ҳаракат қилмоқдамиз.Бугунги кунгача Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Бердақ номидаги Қорақалпоқ  давлат университети, Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази Қорақалпоғистон ҳудудий бўлими, Фавқулодда вазиятлар Вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармалари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоландик. Ушбу имзоланган меморандумларга асосан турли тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси "ногиронлиги бўлган шахсларининг ҳуқуқлари тўғрисида"ги қонунининг мазмун ва моҳияти", грант лойиҳаларни ёзиш бўйича ташкилот ходимларининг салоҳиятини ошириш “Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияси" мазмун ва моҳияти ва бошқа ҳуқуқий мавзуларда жами олти марта семинар-тренинглар ҳамда давра суҳбатлари ўтказилди.

Биз ногиронлиги бўлган фуқароларни иш билан таъминлашига жиддий эътибор қаратиб келяпмиз. Шу боис, жорий йилнинг ўтган ойлари мобайнида ҳудудий бўлимимиз қошида тўртда корхона очишга муваффақ бўлдик. Бу корхоналар ногиронлиги бўлган инсонлар турмуш фаровонлигини барқорар этиш йўлида хизмат қилмоқда деб айтишга асосларимиз етарли.

Ўрни келганда шуни айтиш жоизки, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими 14-январь – Ватан ҳимоячилари, 8-март – Халқаро хотин-қизлар куни, Наврўз, Ийд рамазон ва Қурбон ҳайитлари , 9-май – Хотира ва қадрлаш куни, 1-июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни сингари байрамлар муносабати билан ногиронлиги бўлган фуқароларга ва бўлимга мурожаат қилган кўмакка муҳтож оилаларга имкон даражасида ҳам моддий ҳам маънавий ёрдам кўрсатдик.

Мухтасар айтганда мамлакатимизда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни янада кучайтириш, айниқса, аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қисми бўлмиш ногиронлиги бўлган шахсларга ҳаётда тенг имконият ва шароитлар яратиб бериш энг долзарб масалалардан бирига айланган экан,бу борада бизнинг жамоамиз аъзолари ҳам бор куч ва имкониятларини ишга солиб, виждонан меҳнат қилаверадилар.Бизнинг бу сингари саъй-ҳаракатларимиз барчаси Қорақалпоғистон Республикасида истиқомат қилаётган ногиронлиги бўлган инсонларнинг янада яхши яшашлари,тенгларнинг тенги сифатида турмуш кечиришларига кўмаклашишга қаратилгандир.

Жаббар Нарбаев,
Ўзбекистон Ногиранлар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими раиси.

Манба: “IMKONIYAT” №14 son 2024 yil 20 iyul