Бугунги кунда мамлактимизда ногиронлиги бўлган шахсларни кўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш, уларни меқнат фаолиятига кенг жалб қилиш орқали ҳаёт сифати ва даражасини ошириш, ногиронлиги бўлган шахслар учун янги иш ўринлари яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмокда. Айниқса, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни касб-хунарга ўргатиш, тадбиркорликка жалб қилиш, касаначиликни ривожлантириш борасида охирги йилларда бажарилган ишлар ҳар қанча мақтовга лойиқ. Ҳозирги кунда Қорақалпоғистон Республикасида якка тартибдаги ҳунармандчилик турларини, касаначиликни ривожлантириш, тадбир-корлик фаолиятини кенгайтириш ва шу асосида ногиронлиги бўлган хотин-қизлар фаоллигини ошириш, уларнинг бандлигини таъминлашга алоқида эътибор қаратиб келинмокда.

Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими ташаббуси билан тадбиркор, ишбилармон ва ҳунарманд аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида ассоциация қошида "Қўнғиротли чевар қизлар" унитар корхонаси ташкил этилди.

Қўнғирот туманида яшовчи болаликдан II гуруҳ ногиронлиги бўлган корхона раҳбари Шинар Узақбаева тикувчиликнинг сир-асрорларини пухта эгаллаб, шу ҳунар орқали рўзғор тебратиб, оиласини обод қиляпти. Шу тариқа маҳалласидаги 13 нафар хотин-қизларни иш билан таъминлади. Қувонарли томони шундаки, айни кунларда у 12 нафар ногиронлиги бўлган хотин-қизларга ҳунар сир-синоатларини ўргатяпти.

Бугунги кунда корхона Қўнғирот тумани Санъат коллежи биносида ижара асносида иш фаолиятини олиб бормокда. Корхонада асосан тикувчилик маҳсулотлари – ёстиқжилд ва чойшаблар ишлаб чиқарилади. Бу корхона жамоаси Қўнғирот, Мўйноқ, Шуманай ва Қонликўл туманлари Тиббиёт бирлашмалари муассасалари ва мактабгача таълим таш-килотларидан давлат буюртмалари олиб, ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли тикиб мижозларига етказиб бермокда.

Қўнғирот туманида бугунги кунда ногиронлиги бўлган хотин-қизлар сони 2179 нафарни ташкил қилади. Чекка қишлоқларда яшовчи, ижтимоий ҳимояга муҳтож, айниқса,  ногиронлиги бўлган хотин-қизларни иш билан таъминлаш энг муҳим масала ҳисобланади. Кўпчилик ногиронлиги бўлган аёллар ва қизлар бирор касб-ҳунарсиз уйда бўлганлиги боис, руҳий ўзгаришлар кузатилади. Шаҳарга бориб касб-ҳунар ўрганиши учун ҳаммасининг ҳам имконияти йўқ. Буни яхши билган Шинар Узақбаева ўз маҳалласи, қолаверса, қўшни маҳаллаларда истиқомат қилаётган ногиронлиги бўлган хотин-қизларни ишга жалб қилиб, тикувчилик сирларини эринмай ўргатмоқда.

– Ўзим каби ногиронлиги бўлган эҳтиёжманд хотин-қизларнинг иш топиши жуда қийин масалалардан ҳисобланади, – дейди корхона раҳбари Шинар Узақбаева, – Келажакда корхонанинг фаолиятини кенгайтириш ниятидаман. Яқин ке-лажакда камида 100 ўринли иш ўрни яратишга астойдил бел боғлаганман. Мақсадим ногиронлиги бўлган хотин-қизлар учун иш ўринларини ташкил этиш, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда меҳнат бозорида уларнинг рақобатбардошлигини оширишдан иборат.

Мухтасар айтганда, "Қўнғиротли чевар қизлар" унитар корхонаси ногиронлиги бўлган хотин-қизлар бандлигини таъминлашда ЎзНА Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими қошида очилган барча корхоналарга намуна бўлмокда. Ўз навбатида бу корхонани ЎзНА Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватламокда. Ҳозирги кунда ЎзНА ҳудудий бўлими қошидаги 8 та масъулияти чекланган жамият аҳоли бандлигини, айниқса, ногиронлиги бўлган фуқароларни иш билан таъминлашига ҳисса қўшаётгани эътиборга молик.

Саламат АВЕЗОВ,
Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими мутахассиси.

Манба: “IMKONIYAT” №14 son 2024 yil 20 iyul