Кейинги йилларда мамлакатимизда Бирлаш-ган Миллатлар Ташкилотининг "Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция"си талаблари ҳар томонлама сифатли амалга оширилиб келинмокда. Мазкур Конвенцияда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуклари, эркинликлари ва қадр-қимматларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини ва бу ҳуқуқлардан бошқалар билан тенг равишда фойдаланиш имкониятларини кафолатлаш тамойиллари белгилаб қўйилган. Шу билан бирга, Конвенцияда ногиронлиги бўлган фуқароларнинг хукуклари ва асосий эркинликлари, хусусан уларнинг яшаш, фуқаролик, ҳуқуқий ҳимояланиш, таълим олиш, саломатликларини сақлаш, бошқалар билан тенг равишда меҳнат қилиш, сиёсий, ижтимоий, маданий ҳаётда, бўш вақтни ўтказиш, дам олиш ва спорт билан шуғулланишда иштирок этиш, ўзлари ва оиласи учун етарлича турмуш шароитига эга бўлиш ва ижтимоий ёрдам ҳуқуқлари эътироф этилган ва уларни амалга оширишнинг ҳуқуқий кафолатлари белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикасининг "Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуклари тўғрисида"ги қонунининг 9-моддасида: "Объектлар ва хизматларнинг қулайлиги ногиронлиги бўлган шахсларнинг бинолардан, иншоотлардан, транспортдан, ахборотдан ва алоқа воситаларидан, шу жумладан, ахборот-коммуникация технологиялари ватизимларидан, шунингдек, бошқа объектлардан ва аҳолига кўрсатиладиган хизматлардан ўзга фуқаролар билан тенг равишда фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратиш йўли билан таъминланади.

Шаҳарларни, бошқа аҳоли пунктларини режалаштиришга ва қуришга, турар жой ва рекреация зоналарини шакллантиришга, янги қурилиш учун мўлжалланган лойиҳа ечимларини ишлаб чиқишга, биноларни, иншоотларни ва уларнинг мажмуаларини реконструкция қилишга, шунингдек, умумий фойдаланишдаги транспорт воситаларини, ахборотни ҳамда алоқа воситаларини ишлаб чиқишга ва ишлаб чиқаришга мазкур объектларни ногиронлиги бўлган шахсларнинг улардан монеликсиз фойдаланиши учун мослаштирмасдан йўл қўйилмайди" деб белгиланган бўлса, 10-моддада эса, "Ногиронлиги бўлган шахсларни жамият ва давлат ҳаётига жалб этиш уларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётда иштирок этишини ҳар томонлама рағбатлантириш ҳамда чекловларнинг ҳар қандай шаклларига йўл қўймаслик орқали амалга оширилади. Давлат органлари ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ва давлат ҳаётига жалб этишни таъминлашга доир чора-тадбирларни амалга оширади", деб белгилаб қўйилган.

Яқинда Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими «Ўзбекистон Республикасида тўсиқсиз туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва уни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги» Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20-сонли қарори асосида маданий мерос объектлари, шу жумладан, музей, театр ва меҳмонхоналарда ногиронлиги бўлган шахсларнинг бемалол ҳаракатланиши учун зарур шарт-шароитлар қандай яратилганлиги борасида жамоатчилик назоратини ўтказди. Қорақалпоғистон Республикасидаги мулкчилик шаклидан қатъий назар, аҳолига турли хизматларни кўрсатувчи объектлар ҳамда бошқа шу турдаги жамоат жойларига ногиронлиги бўлган фуқароларнинг кириб-чиқиши учун шароитларнинг яратилганлиги, шунингдек, ҳожатхоналарнинг мавжудлиги ва у ерда ногиронлиги бўлган инсонлар учун алоҳида шароитлар назарда тутилганлиги Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Жамоат назорати бўлими, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими, Нукус шаҳар Кўзи ожизлар жамияти, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Қўнғирот туман бўлинмаси ва оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамкорлигида ўрганилди.

Жамоатчилик назорати Нукус шаҳридаги Ёш томошабинлар театри, И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Санъат музейи, "Тошкент меҳмонхонаси", Қорақалпоқ Давлат академик театри ва Қўнғирот шаҳридаги Маданият маркази ва автовокзалида олиб борилди. Кузатув-ўрганиш жараёнида ютуқлар билан бир қаторда ногиронлиги бўлган шахслар учун етарли даражада шароитлар яратилмаганлигига ҳам гувоҳ бўлдик. Ногиронлиги бўлган шахслар учун барпо этилган пандусларнинг кўпчилигида хато ва камчиликлар аниқланди. Шунингдек, ўрганиш давомида кузатув олиб борган барча объектларда ногиронлиги бўлган шахслар транспортини қўйиш учун махсус жойлар талабга жавоб бермаслигининг шоҳиди бўлдик. Мониторинг жараёнида аниқланган хато ва камчиликлар ҳақида ташкилот ва муассаса раҳбарларига тегишли маслаҳат ва тавсиялар берилди. Хулоса қилиб айтганда, Қорақалпоғистон Руспубликасида бугунги кунга қадар ногиронлиги бўлган инсонлар учун кўплаб бино ва иншоотлар, жамоат транспортлари мослаб жиҳозланмаган. Деярли кўпгина бекатлар ва йўналишларда эшиттирувчи, электрон маълумотлар таблолари каби махсус воситалар йўклиги билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Қисқа қилиб айтганда, ногиронлиги бўлган шахслар ҳар қандай ижтимоий объектлардан ва хизматлардан ҳеч қандай тўсиқларсиз фойдаланишлари лозим. Бу борада Қорақалпоғистон Республикасидаги мутасадди ташкилотлар раҳбарлари аниқ чора ва тадбирлар белгилаб, ногиронлиги бўлган инсонларнинг ижтимоий ҳимояси, тўсиқсиз ҳаракатланишлари ва мослашу-ви самарадорлигини ошириш чора-тадбирларини кўришади деган умиддамиз.

Жаббар НАРБАЕВ,
Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими раиси.

Манба: “IMKONIYAT” №13 son 2024 yil 6 iyul