Бугунги кунда соғлиқни саклаш, хасталикка чалинмаслик учун спорт билан шуғулланиш қанчалик аҳамиятли эканлигини кўпчилик тушуниб етган. Каттаю кичик иложи борича бадантарбия ёки спортнинг ўзи қизиққан турига эътибор қаратиб, турли машкларни бажаришга ҳаракат қилади. Қамма кучли, бақувват, эпчил, соғлом ва хасталикка чидамли бўлишни хохлайди, албатта. Бунинг учун спорт билан шуғулланиш лозим.
Биз, халқаро спорт мусобақаларида мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, юксак натижаларга эришаётган юртдошларимиздан беҳад фахрланамиз. Улар орасида бир неча бор жаҳон чемпионлари бўлганлари жуда кўп. Очиғини айт-ганда, сўнгги йилларда юртимизда ёшларга, ўқувчиларга, талабаларга ўз иқтидорларини намоён этиши учун яратилаётган бебаҳо, кенг имкониятлар туфайли улар ана шундай муваффақиятларга, ютуқларга эришмокдалар.
Сарибоев Нурсултон Нурлон ўғли асли амударёлик. Энди 23 ёшни қаршилаган бу йигит, Тошкент Ахборот технологиялари университетининг Нукус филиалида таҳсил олади, шу билан бирга Ўзбекистон Ногиронлар ассоциациясининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлимида Жамоат назорати бўлимида фаолият юритиб келмокда. Нурсултон бир неча йиллардан буён спорт билан мунтазам шуғулланиб, совринли ўринларни эгаллаб келмокда. У 2022 – 2023 йилларда спортнинг пара таэквандо тури бўйича Қорақалпоғистон чемпионатида иккинчи ўринни қўлга киритди. Беш ташаббус паралимпиадасининг пара стол теннис йўналиши бўйича Қорақалпоғистон Республикаси босқичида иштирок этиб, фахрли 1-ўринни эгаллади. Қорақалпоғистонда июнь ойида "Янги нафас" оммавий югуриш марафонида иштирок этиб 1-ўринни, Беш ташаббус паралимпиадасининг пара енгил атлетика йўналиши бўйича Қорақалпоғистон Республикаси босқичида 1-ўринни қўлга киритди.
Ҳа, паралимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларимиз бизнинг фахримиз. Нурсултон сингари эпчил, чаққон йигитларимиз кўпаяверсин. Нурсултоннинг спорт соҳасидаги саъй-ҳаракатлари ва эришган муваффақиятлари зое кетмади. У паралимпия спортининг ривожланишига қўшган муносиб ҳиссаси учун "Ёшлар куни" муносабати билан "Умид учқуни" кўкрак нишони билан такдирланди. Биз, спортга меҳри баланд бўлган Нурсултонга Халқаро мусобақаларда ҳам фаол иштирок этиб, ғолиблик шоҳсупасидан жой олишида омадлар тилаб қоламиз.
Қорақалпоғистон ҳудудий бўлими қошидаги
"Маданият ва маърифат" бўлими бошлиғи.
Манба: “IMKONIYAT” №15 son 2024 yil 8 avgust
Отправить комментарий
Отправить комментарий