Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг барча гўшаларида бўлгани каби Қорақалпоғистон Республикасида ҳам аҳолининг ҳаёт даражасини янада ошириш, халқимизга муносиб турмуш шароитини яратиш, янги иш ўринлари ташкил этиш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Ислоҳотлар, бунёдкорлик шукуҳи, маънавий-маданий ишлар самараси қорақалпоғистонликлар ҳаётига ҳам янгича мазмун киритмоқда. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бундай ижобий ишларда давлат ташкилотлари билан бир қаторда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг ҳам муносиб ҳиссалари бор десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 2024 йил 21 февралдаги 4068-IV-КҚ-688-IV-сонли қўшма қарори иловасининг 31-банди ижроси юзасидан Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси томонидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилган эди.

Яқинда мазкур чора-тадбирлар ижроси юзасидан ЎзННТМА Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан Нукус шаҳридаги “ННТлари уйи”да “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг эришган ютуқлари, уларнинг ижобий натижалари, илғор иш тажрибаларини тарғиб этиш” тўғрисида мулоқот учрашуви ташкил этилди.

Унда “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими ва бир қатор нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда имконияти чекланган бўлсада, ҳаётда ўз ўрнига эга бўлган ва ютуқларга эришиб келаётган ижодкорлар, спорт усталари иштирок этди.

Тадбирда ишлайман, оиламга, эл-юртга наф келтираман, деган инсонлар учун барча шароит мавжудлиги алоҳида қайд этиб ўтилди. Ростини айтганда, ҳар бир инсоннинг, айниқса, ногиронлиги бўлган фуқароларнинг меҳнат қилиши, мавжуд яратилган имкониятлардан фойдаланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Бугунги кунда қорақалпоқлик минглаб ногиронлиги бўлган тадбиркор инсонлар эзгу ишлар йўлида ғайрат кўрсатиб, республика иқтисодиётига камтарона улушларини қўшишмоқда. Ўз навбатида, албатта уларнинг меҳнатлари муносиб рағбатлантирилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, мазкур тадбир жуда қизиқарли, мазмунли ўтди. Нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, тадбиркор ногиронлиги бўлган инсонлар ўзларининг ҳаётдаги ютуқлари билан учрашувга ташриф буюрганлар билан ўзаро тажриба алмашинишди ва эндиликда бундай учрашувларни тез-тез ўтказиб туришга келишиб олишди.

Саламат АВЕЗОВ,
Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси
ҚорақалпоҚистон Республикаси ҳудудий бўлими мутахассиси.

Манба: “IMKONIYAT” №18 son 2024 yil 28 sentyabr