Сўнгги йилларда мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, кундалик турмуш шароитини яхшилаш ва ногиронлиги бўлган шахсларга ҳаётда тенг имкониятлар яратиш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Айтиш жоизки, жорий йилнинг 18 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ногиронлиги бўлган шахсларга қулай ва тўсиқларсиз муҳит яратиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги 266-сонли қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорга кўра, 2024 йил 1 октябрдан: – реконструкция қилинадиган ва таъмирланадиган шаҳарсозлик фаолияти объектларининг шаҳарсозлик ҳужжатлари лойиҳаларининг техник қисми ногиронлиги бўлган шахсларга шароитлар яратиш бўйича шаҳарсозлик норма ва қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқлиги юзасидан мажбурий экспертизадан ўтказилди.

– ҳар йили “Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда” Республика жамғармаси маблағларининг камида 10 фоизи чорраҳаларда ногиронлиги бўлган шахслар (пиёдалар) учун хавфсиз ва тўсиқсиз муҳит яратиш бўйича қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларига йўналтирилади.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари билан биргаликда ногиронлиги бўлган ходимлар қулай ва тўсиқларсиз ҳаракатланишлари ҳамда меҳнат қилишлари учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган меҳнат шароитларини яратиш, шунингдек, биноларга кириш ва чиқишда бундай тоифадаги инсонларга қулай ва тўсиқларсиз ҳаракатланишлари учун шароитлар яратиш борасида бир қатор ижобий ишларни амалга оширишмоқда. Жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларни фақулодда вазиятлар вақтида хавфсиз эвакуация этиш бўйича яратилган шароитларни ўрганиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасининг туман ва шаҳарларидаги касалхона, поликлиника ва ногиронлиги бўлган шахслар таълим оладиган билим юртларида ишчи гуруҳлари томонидан мониторинг ишлари олиб борилмоқда.

Жамоатчилик назорати гуруҳи кейинги икки ой ичида 22 та объектни мониторинг қилган бўлса, шулардан 18 тасида ҳали ҳам ногиронлиги бўлган шахсларни фавқулодда вазиятлар вақтида хавфсиз эвакуация этиш бўйича барча чора-тадбирлар кўрилмаганлиги аниқланди. Кузатув жараёнида аниқланган камчиликлар юзасидан ташкилотларга таклиф ва тавсиялар берилди.

Биз, яқинда ишчи гуруҳининг ишларини янада жадаллаштириш мақсадида Нукус шаҳри “Жипек жолы” меҳмонхонаси конференция залида “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг фавқулодда вазиятлар вақтида тўғри ҳаракатланиши” мавзусида семинар-тренинг ташкил этдик. Тадбир Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими ва Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамда “Умр хавфсизлиги” ўқув марказлари томонидан ташкиллаштирилди. Семинарни ўтказишдан асосий мақсад – ногиронлиги бўлган шахслар фавқулодда вазиятлар вақтида хавфсиз эвакуация этиш бўйича ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ўзларини фавқулодда вазиятлар вақтида тўғри ҳаракатланишга ўргатиш бўйича ишлаб чиқилган чораларни такомиллаштириш ва ушбу масалани кенг жамоатчиликка етказиш ҳисобланади.

Семинар-тренингда Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими, Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, “Умр хавфсизлиги” ўқув маркази, давлат ва ҳудудий нодавлат нотижорат ташкилотлари масъул ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок етишди.

Нуратдин АБИПОВ,
Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий
бўлими матбуот хизмати ходими.

Манба: “IMKONIYAT” №17 son 2024 yil 12 sentyabr