Жорий йилнинг 23 октябрь куни Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Бухоро вилояти, Бухоро шаҳар бўлинмасининг Халқ депутатлари Бухоро вилоят кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди грант маблағлари ҳисобидан лойиҳалаштирилган "Китобхонлик – маънавият юксалиши учун муҳим омил" деб номланган грант лойиҳасининг тақдимот тадбири бўлиб ўтди.
Давра суҳбати Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Бухоро вилоят кўзи ожизлар махсус кутубхонасининг тадбирлар залида ўтказилди ва уни кутубхона директори, ёзувчи ва журналист Аъзам Ўроқов олиб борди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими қошидаги “Маданият ва маърифат” тармоғи бошлиғи З.Олимова, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Бухоро шаҳар бўлинмаси аъзолари ва китобхонлар ҳам иштирок этди.
Тадбирни Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Бухоро вилояти васийлик бошқарув раиси Ж.Раҳматов очиб берди ҳамда грант лойиҳасининг мақсади, вазифалари ва моҳияти ҳақида маълумот берди. Лойиҳа учун 60 000 минг сўм маблағ ажратилган бўлиб, беш муаллифнинг китоби нашр қилиниши кўзда тутилгани эътироф этилди.
Дастлабки асар “Омон Мухтор романларида бадиий хронотоп” деб номланган монография бўлиб, ушбу тадқиқот юзасидан ф.ф.д., Ўктам Назаров маъруза қилди. Ёзувчи Аъзам Ўроқовнинг “Ёзилмаган хат” деб номланган қисса ва ҳикоялар тўплами ҳам тадбир ташкилотларида алоҳида қизиқиш уйғотди.
Ўзбек тили ва адабиёти таянч докторанти Ш.Ҳамдамованинг болалар адабиёти йўналишидаги шеърлар тўплами барчада алоҳида қизиқиш уйғотди. Мен ижодкор Н.Жаббиеванинг “Тун ҳикмати” деб номланган илк китобининг тақризчи шоираси сифатида сўзга чиқиб, лойиҳа ташкилотчиларини ушбу эзгу ва хайрли ташаббус билан табрикладим.
Барча китоби нашр этиладиган муаллифларга ижодий парвозлар тилаган холда давра суҳбати савол ва жавоб, баҳс мунозара, таклифлар билан жуда ҳам кўтаринки руҳда ўтди. Тадбирда Ж.Раҳмат ва А.Ўроқов шеърларидан намуналар ҳам тингланди.
Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Бухоро вилоят кўзи ожизлар махсус кутубхона аъзоларига китоблар кўргазмаси ташкил етилгани тадбирнинг салоҳиятини янада юксалтирди. Давра суҳбати йиғилганларда жуда ҳам катта таассурот қолдирди.
Зарина Олимова,
Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси
ҳудудий бўлими қошидаги “Маданият ва маърифат” тармоғи бошлиғи,
“Texas” дунё iоирлар уюшмаси аъзоси, Германия “Адабиёт-санъат-коммуникатcия” Академияси Академиги!



Отправить комментарий
Отправить комментарий