Эртага бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва мақаллий Кенгашларига депутатлар сайлови қамманики, унда барча юртдошларимиз фаоллик кўрсатиб иштирок этишни дилларига тугиб қўйишган. Маълумки, сайловчи сайловга шунчаки келмайди. У ўзи овоз берадиган номзоднинг кимлигини ва фаолиятини ҳар томонлама чуқур ўрганиб, етти ўлчаб бир кесган қолда сайлов қутисига яқинлашади. Бу жиҳатдан ногиронлиги бўлган инсонларда бироз бўлсада, муаммолар мавжуд. Айниқса, уларнинг сайлов участкаларига келишлари, овоз бериш жараёнида қатнашишларида табиийки қийинчиликлар вужудга келиши мумкин.

Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси ва унинг вилоят, туман ва шаҳар бўлим ва бўлинмалари раҳбарлари ҳамда вакиллари тайёргарлик қизғин паллага кирган пайтда кўплаб сайлов участкаларида бўлишди. Маълумки, улар ногиронлиги бўлган фуқаролар учун қандай шароитлар муҳайё қилингани билан қизиқишди. Жумладан, ЎзНА Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раҳбари Жаббор Нарбаев шахсан ўзи бир қатор округ ва сайлов участкаларида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди. У Нукус шаҳридаги 50-, 85-, 19-, 26-, 33-, 38-, 34-, 49-, 52-, 397-, 390-, 21-, 42-сайлов участкаларида ўтказилган мониторингларда ҳам фаоллик кўрсатди. Кўздан кечирилган сайлов участкаларида ногиронлиги бўлган инсонлар учун яратилган шароитлар, айниқса, ногиронлик аравачасида ҳаракатла-надиган ва қўлтиқтаёқда юрадиган ногиронлиги бўлганларга эътибор қандайлиги Жаббор Нарбаевни кўпроқ қизиқтирди.

– Мен кузатув давомида биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган фуқаро Жарас Ганиевнинг участкадаги пандус орқали бемалол ҳаракатланаётганига гувоҳ бўлдим, – дейди ЎзНА Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раиси Жаббор Нарбаев. – Бу билан бошқа ногиронлиги бўлган фуқароларнингҳам яратилган имкониятлардан бемалол фойдалана олишига шубҳам қолмади.

Раис худди шундай ижобий ҳолатларга Қораўзак, Чимбой, Нукус, Хўжайли, Амударё, Қўнғирот ва бошқа туманлардаги барча сайлов участкаларида ҳам дуч келди. Жаббор Нарбаев кўпгина сайлов комиссиялари раислари ва сайлов участкаси комиссияси аъзолари ва ногиронлиги бўлган инсонлар билан суҳбатлашди.

– Мен учрашувлар, давра суҳбатлари мобайнида шунга амин бўлдимки, – дейди раис, – ушбу сиёсий жараёнда иштирок этиш ҳар бир овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган инсонлар-нинг қалб муддаосига айланган. Барча участкалардаҳамма сайловчиларга, жумладан, кўзи ожиз, эшитишида нуқсони бўлган ва ногирон-лик аравачасида келган ногиронлиги бўлган шахсларга зарур барча шароитлар яратилган. Очиқ айтиш мумкинки, имконияти чекланган фуқаролар ҳамиша эътиборда экани, уларга давлатимиз томонидан доимий ғамхўрлик кўрсатилаётгани кўнгилларни тоғдек кўтаради десам хато қилмаган бўламан.

Мухтасар айтганда, мамлакатимизда инсон қадри улуғланади, ногиронлиги бўлган кишилар эса ҳар жабҳада меҳр-мурувват ҳамда ғамхўрлик қуршовида бўлади. Хуллас, сайловга тайёргарлик жараёни кўнгилдагидек бўлди. Мамлакатимиздаги муҳим сиёсий жараёндан ҳеч ким четда эмас. Ногиронлиги бўлган фуқаролар қалблари эса мудом яхшилик, эзгулик сари талпинади. Бу ҳаракатлар сайловга тайёргарлик пайтида, муддатидан олдин овоз бериш кунларида бор бўй басти билан ўз аксини кўрсатди, десам адашмаган бўламан. Эртага сайлов кунида эса ана шундай жипслик, Ватанга, элга садоқат руҳи сайловчилар, жумладан, ногиронлиги бўлган фуқаролар тимсолида янада намоён бўлаверади. Ҳамма – сайловга!.

Саламат АВЕЗОВ, ЎзНА Қорақалпоғистон Республикаси бўлими масъул ходими.

Манба: “IMKONIYAT” №20 son 2024 yil 26 oktyabr